Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АКТ соҳасида замонавий таълим даргоҳи барпо этилмоқда
11:49 / 2022-02-07

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7-майдаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг замонавий кампуси барпо этилмоқда.

Қарор билан университет ҳузурида фаолият юритувчи, олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган техникумлар ташкил этилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг қурилаётган кампусини бориб кўрди.

АКТ вазири ТАТУ Нурафшон филиали кампусини барпо этиш бўйча қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филилали кампуси замонавий ўқув ва турар жой комплекс тарзда бунёд этилиб, унда ёшлар учун барча шароитлар яратилади. Қурилаётган кампус ҳудудида университет, техникум, 630 ўринли ётоқхона биноси, ўқув лаборатория, спорт иншооти жойлашади.

Ташриф чоғида АКТ вазири Ш. Шерматов Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида  IT-парк филиалини очиш орқали илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, дам олиш учун имкониятларни яратиш бўйича таклифларни берди.

Мазкур кампусда IT-парк филиалини очишдан белгиланган мақсад самарали назарий ва амалий ўқув тизимини ташкил этиш, ёшларнинг салоҳиятини ошириш, уларга ўз стартап ғоя ва бизнес лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун имконият яратишдир. Бу эса яқин келажакда маҳаллий ёшларнинг бандлигини оширишда ва юқори маошли касбларни эгаллашга замин яратади. Бир сўз билан айтганда, университетнинг Нурафшон филиалида замонавий ИТ-кластерни барпо этиш кўзда тутилган.

Олдимизда турган яна бир муҳим масала - ёшларнинг ўқишдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш. Шу боис мазкур ҳудудда истироҳат қилиш рекреацион зоналарни ва яшил ҳудудларни ташкил этиш керак,- дея таъкидлади вазир.

Ҳозирги кунда ТАТУ Нурафшон филиали пойтахтимиздаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг бош корпусининг биноларидан бирида жойлашган.

Филиалда 5 та бакалавр ва 2 та магистратура йўналиши бўйича 224 нафар талабалар таҳсил олмоқда. 2022/2023 ўқув йилида филиалда 2 та янги бакалавр таълим йўналишларини ва 2 та магистратура мутахассисликларини ҳамда сиртқи таълим шаклини очиш, мос равишда қабул квотасини 391 тага етказиш режалаштирилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА