Сўнгги йилларда ақлли технологиялар соҳаси Хоразм вилоятининг ташриф қоғозига айланиб улгурди. Вилоятда ушбу соҳада кўплаб тажрибали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятдаги “IT Park” резидентлари сони сўнгги 5 йилда 15 баробарга ва экспорт ҳажми 20 баробарга ошди.
Айни дамда вилоятда “IT Park” резидент корхоналари сони қарийб юздан ортиқ, уларнинг 30 дан ортиғи экспортёр корхоналардир. Улар томонидан АҚШ, Россия, Хитой, Малайзия, Литва ва Ирландия каби давлатларга хизматлар кўрсатилмоқда. Мазкур соҳада мингдан ортиқ элдошларимизнинг бандлиги таъминланган.
Бугун улар яратган дастурий ишланмалар нафақат хорижда, балки юртимизда ҳам турли соҳаларга кенг тадбиқ этилмоқда.
Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳузурида Ахборот - коммуникация технологиялари лойиҳаларини амалга ошириш ва географик ахборот порталини ишлаб чиқиш ҳамда уни техник қўллаб-қувватлаш бўйича (рақамли ривожланиш) бўлинмаси мутахассислари томонидан яратилган дастурий ишланмалар ҳам мамлакатимизда кенг тадбиқ этилган бўлиб, ўз самарасини бермоқда.
Мисол учун, «Cancer-registr» ахборот тизими бугунги кунда мамлакатимизда замонавий тиббиёт тизимининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. 2024 йилда уч ой давомида Хоразм вилоятининг Хива туманида тажрибадан ўтказилган ахборот порталидан бугун бутун республикамизда фойдаланилмоқда. Ушбу тизим аёллардаги бачадон бўйни саратон касаллигини эрта аниқлаш ва даволашга кўмаклашади.
[gallery-25789]
–Ушбу плартформанинг мақсади онкологик касалликларга чалинган беморларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда онкологик хизматларнинг ҳисобот-бухгалтерия маълумотлари бўйича ахборот ва ҳужжат айланишининг электрон алмашинувини ташкил этиш, автоматлаштирилган жараённи соддалаштириш, туркумлаш ва стандартлаштириш, бу тизимнинг барқарорлигини, унинг назорати, заиф томонларини таҳлил қилишда шаффофликни таъминлайди, – дейди бўлинма бош мутахассиси Ҳикмат Эгамберганов. – Ушбу тизим тиббиёт муассасаларидаги видеокольпаскопия ускуналарига интеграциялашган бўлиб, бир вақтинг ўзида текширувдан ўтаётган аёл ҳақидаги маълумотлар ва соғлиғи тўғрисидаги таҳлилларни марказий тиббиёт марказларига ҳам жўнатади.
Аёллар орасида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш, скрининг жараёнларини самарали ташкил қилиш, замонавий скрининг усулларини амалиётга кенг жорий этишга хизмат қилаётган “cancer-registr.uz” ахборот плартформасининг базасида бугунги кунгача саккиз юз мингдан ортиқ хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар йиғилган.
– Бу жараённи жадаллаштириш — соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини оширади, – дейди Хива туманидаги 43 - сонли оилавий поликлиника шифокори Жамила Олтмишбоева. – Бу тизим электрон тиббий карта ва маълумотлар базаси яратишда ҳам муҳим бўлиб, беморларнинг маълумотлари, касаллик тарихлари, ташхис ва даволаниш жараёнлари рақамлаштирилган, тиббий маълумотларга тезкор кириш ва таҳлил қилиш имконини беради. Шунингдек, тиббий хатолар эҳтимоли ҳам камаяди. Мисол учун, фуқаро бир маротаба тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг унинг соғлигини доимий равишда тизимнинг ўзи назорат ва таҳлил қилиб боради. Ҳатто кейинги текширув вақти келганида фуқаронинг телефон рақамига хабарнома жўнатади. Шунингдек, шифо масканида ҳам электрон навбат олиб қўяди.
Тизимнинг яна бир афзаллиги, узоқ жойдаги беморлар мутахассислардан масофавий маслаҳат ва ташхис олиши мумкин. Айниқса, қишлоқ жойларида бу технология жуда фойдали.
– Маҳалламиздаги аёлларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтган йили ўтказилган эди, – дейди Хива тумани Шомахлум маҳалласида истиқомат қилувчи Феруза Содиқова. – Улар соғлом, ўрта ва оғир тоифаларга ажратилган бўлиб, ҳар биримизга алоҳида даволаш усуллари белгиланган. Шунга қараб янги тизим қўл телефонларимизга хабарномалар жўнатади. Касаллиги жиддийроқ беморлар ҳам вилоят марказига ёки Тошкентга бориб, кўрикдан ўтиши шарт эмас. Маҳалламиздаги поликлиникада онлайн тарзда мамлакатимизнинг тажрибали шифокорлари, профессор ва мутахассисларининг маслаҳат ва кўрсатмаларини олиш мумкин. Бу эса беморнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини ва жисмоний кучини ҳам тежайди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш бўлинмаси дастурчилари томонидан яратилган “Фертил.аёл” ахборот плартформаси, “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” ягона автоматлаштирилган мониторинг ахборот платформаси, аҳолининг мурожаатларини мониторинг қилиш ва уни доимий назорат қилиб бориш бўйича “e-murojaat.uz” ахборот портали каби лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
АКТ бугун мамлакатимизда ҳам тез ва шиддат билан ривожланаётган соҳалардан биридир. Жумладан, Хоразм вилоятида АКТ соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда ёш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хоразмда тайёрланаётган дастурчи мутахассислар ҳам ўз ишланмалари билан соҳанинг ривожланишига ҳиссаларини қўшишмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/GhfzKESYKh4?si=vpIB8RdnewfaPBxJ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари