Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аксарият сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати талабга жавоб бермайди
17:25 / 2020-09-16

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Сув хўжалиги вазири ўринбосарининг ахборотини эшитди.


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Сув хўжалиги вазири ўринбосарининг ахборотини эшитди.

Ўтган давр оралиғида иқлим ўзгариши ва бошқа антропоген таъсирлар оқибатида Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва шу каби йирик дарёларда шаклланадиган музликлар ўртача 30 фоизга қисқариб, дарёларнинг сувлилик даражаси пасаймоқда.

Глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли йиллик олинаётган сув белгиланган лимитига нисбатан ўртача 20 фоизга қисқарган. Бугунга келиб Ўзбекистон аҳолиси эса 34 миллион кишидан ошди, аҳоли жон бошига ўртача 1 500 м3 сув тўғри келмоқда. 2030 йилгача аҳоли сони 39 миллион нафаргача кўпайиб, бу кўрсаткич 1 250 м3 га тушиб кетиши мумкин.

Бу шароитда республика аҳолисининг ичимлик сувига бўлган талаби 2,3 миллиард куб метрдан 3 миллиард куб метрга етиши кутилмоқда. Шунингдек, саноат ва энергетика соҳалари фаол ривожланиб, йиллик сув истеъмоли 1,9 миллиард куб метрдан 2030 йилга бориб 3,5 миллиард куб метрга етади.

Бундан кўриниб турибдики, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлаш учун қишлоқ хўжалигига ажратилган сувнинг улушидан камаяди. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантиришнинг 11 та устувор йўналиши белгиланган. Ушбу устувор йўналишларни амалга ошириш орқали мамлакатимизнинг барча иқтисодиёт тармоқларини сув билан кафолатли таъминлаб, сув хавфсизлигига эришиш кўзда тутилган.

Қайд этилганидек, концепцияга мувофиқ ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, сувни етказиб бериш учун давлат томонидан қилинаётган харажатлар истеъмолчилар томонидан қоплаш механизмлари босқичма-босқич жорий қилинади. Сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилади.

Концепциянинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳар уч йилда тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиялари орқали босқичма-босқич амалга оширилади.

Тадбирда депутатлар сув хўжалигида уч йил ичида барча нуқталарни онлайн маълумот узатиш қурилмалари билан жиҳозлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқди.

Депутатлар аксарият сув хўжалиги объектларидан 50-60 йилдан буён фойдаланиб келинаётганлиги сабабли, уларнинг техник ҳолати талабга жавоб бермаслиги, сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилаётганини ҳисобга олиб, уларни бартараф этиш бўйича вазирликка ўзларининг таклифларини берди.