French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аксар муаммоларнинг илдизи битта нуқтада бирлашади
18:50 / 2020-10-05

Таълим ҳаётнинг барча жабҳасида фаровонлик яратиш, янги технологияларни жорий этиш, турмуш шароитларини яхшилашнинг муҳим шарти экани маълум.


Таълим ҳаётнинг барча жабҳасида фаровонлик яратиш, янги технологияларни жорий этиш, турмуш шароитларини яхшилашнинг муҳим шарти экани маълум.

Қўлига диплом олган ҳар бир талаба соат сайин ўзгариб бораётган меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладими? Ўқиган олийгоҳида у тараққий этиб бораётган инновацион иқтисодиётда тўлақонли иштирок эта оладиган, шу орқали нафақат ўз турмуши, балки жамият ривожига ҳисса қўша оладиган билим ва кўникмаларга эга бўлдими? Олий таълимнинг ижтимоий масъулияти ҳам айнан мана шу саволларга жавоб топа олишдадир.

Тошкент давлат шарқшунослик университетининг сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Алишер НАЗАРОВ айни саволлар юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

–... ўқишни битирдим, иш топа олмаяпман.

... ҳамма шифокор ҳар хил ташхис қўяди. Қай бирига ишонишингни билмайсан киши.

... ўғлим мактабни тугатиб, ўқишга кира олмади. Шунча пулга репетиторга қўйишга мажбур бўляпман.

...қизим университетда ўқийди. Ҳар бир баҳо учун “лимит” белгиланган экан. Шунга қаердан пул топсам экан?

Бундай ҳолатларни санасак, охирини тополмаймиз, – дейди Алишер Назаров. – Аслида, жамиятда муаммолар талайгина. Лекин аксар муаммолар илдизи одатда битта нуқтада бирлашади: олий таълим тизимидаги йиллар оша йиғилиб, тош қотиб қолган камчиликлар ҳам шундай.

Нега айнан олий таълим? Аслида, боғча ва мактабларда ҳам камчиликлар етарли-ку, деган савол туғилиши табиий. Жавоб ҳам яна олий таълим тизимига боғланади: мактаб ва лицейларда дарс бераётган кадрларни ҳам олий таълим тайёрлаб беради.

Бугун меҳнат бозори эҳтиёжлари олий таълим тизимидан нималарни талаб этмоқда?

Ривожланган мамлакатлар тажрибасига қаралса, уларда олий таълим тизими, уни ривожлантириш – миллий стратегия устуворликлари билан белгиланади. Давлат жаҳон сиёсий харитасидаги ўз нуфузини ошириш учун ҳам олий таълим даражасини яхшилаш ҳамда таълим олиш имкониятини кенгайтиришга катта маблағ сарфлайди, эътибор қаратади.

Замонавий ахборотлашган ва инновацион тараққий этаётган дунёга қўшилишга интилиш мамлакатлардан замонавий ва кун сайин ўзгараётган меҳнат бозори талабларига мослашишга қодир бўлган кадрларни тарбиялашни талаб қилади. Бунинг учун эса олий таълимни замон талабларига хос ривожлантириш, университетларда сифатли ва жаҳон стандартларига мос таълим берилиши, рағбатлантирувчи рақобатни кучайтириш заруратга айланди.

Ўзбекистонда ҳам бозор иқтисодиёти талабларига жавоб бера оладиган ислоҳотларнинг амалга оширилиши шароитида шунга муносиб кадрлар тайёрлашга ҳам жиддий эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Нафақат олий таълим ёки кадрлар тайёрлашнинг бошқа шакллари, балки таълим шакли, мақсад ва вазифаларини ҳам белгилаб берадиган тизимни бутунлай қайта кўриб чиқиш, янгилаш ва замон талабларига мослаш мамлакат келажаги қиёфасини белгилайдиган асосий шартга айланди.

Шу талаблар асосида мамлакатимизда тизимли равишда барча ўқув муассасаларида дунё стандартлари асосида янги шароитлар яратилди. Айниқса, олий таълимда маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсади, билим ва кўникмаларга бўлган талаблар ўзгарди. Эндиликда аввал назарияни ўрганиб, сўнг аста-секин билимини амалиётга қўллайдиган кадрлар эмас, балки ўрганган барча янги билимларида амалда тезкорлик билан фойдаланадиган, танлаган соҳадаги инновацион имкониятларни тушуниб, таҳлил қиладиган, янгиликларни тез ўзлаштирадиган, ахборот технологиялари имкониятларидан эркин фойдалана оладиган кадрларга талаб ошди. Олийгоҳни битирган ҳар бир кадр бугун меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун нафақат касбининг сир-асрорларини биладиган, жорий хўжалик ва ишлаб чиқариш масалаларини малакали ҳал қиладиган, балки ишни ташкил этишда тўғри қарор қабул қила оладиган, янги ғоялар берадиган, туғма қобилиятга эга, юқори даражали мутахассис бўлиши зарур.

Мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш, битирувчиларни олий таълимга қамраб олинишини кўпайтириш, ёшларнинг касб эгаллашини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Йил сайин турли ислоҳотлар, янги кўламдаги ишлар ташкил этилмоқда.

Бироқ бугун олий таълим тизимидаги имкониятлар битирувчилар эҳтиёжларини қондиряптими? Таълим муассасаларидаги ўқув жараёни бугунги кун талабига жавоб берадими?

Албатта, йўқ. Тўғри, охирги уч йилда битирувчиларни олий таълим билан қамров даражаси сезиларли ошди. Аммо амалдаги ўқув жараёни бугунги кун талабига тўла жавоб бермайди.

Ёшлар жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ёш авлод қалбида юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин шунга қарамай, таълим, айниқса, олий таълим тизимида қатор муаммо ва камчиликлар борки, бу тобора чигаллашиб бораётган масалаларни пайдо қилмоқда ва унинг таъсири бевосита жамият равнақи ва мамлакат ривожига тўсиқ бўлмоқда.

Ҳозирги кунда олий ўқув юртларининг мустақиллигини таъминлаш ва рақобатни ривожлантириш масалалари долзарб ҳисобланади. Аксар ривожланган мамлакатларда таълим тизимида давлат аралашувининг қисқариши нодавлат университетларнинг кўпайиши ва олийгоҳлар ўртасида соғлом рақобатнинг ортиб боришига ва натижада унинг сифати сезиларли яхшиланишида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бюджет маблағлари чекланган ва олий таълимга талаб ортиб бораётган ҳозирги шароитда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим секторининг ҳам иш олиб бориши рақобатнинг ривожланишига кўмаклашади.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳам нодавлат таълим муассасалари очилиб, улар сони ортиб бормоқда. Бу йўналишга янада эътиборни ошириш ва имконият яратиб бериш зарур. Бунинг учун жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда соҳага ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятларни янада кенгайтириш, тарғиботни кучайтириш, рағбатлантириш ва, энг муҳими, барча ишларни босқичма-босқич режа асосида амалга ошириш талаб этилади.

Тизимни ислоҳ этиш бир қатор қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинди. Бу қонунлар бугунги таълим тизимининг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда. Уларда шу кунгача амалга оширилган ишларнинг асоси, мақсадлари ва келгусидаги режалар акс этган.

Ўтган давр мобайнида иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда янги, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасалари ташкил этилди. Талаб юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Мазкур Концепцияда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари – замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш борасида стратегик вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур вазифалар мавжуд муаммоларни бартараф этишга, соҳани замонавий стандартлар даражасида ташкиллаштиришга қаратилган. Жумладан, олий таълимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида 2030 йилгача олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди, соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Белгиланган ишларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнида республикамизда мустаҳкам ҳуқуқий, ташкилий, моддий-техник база яратилди. Бу эса интеллектуал салоҳияти юқори ва баркамол ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашнинг мазмунини янгилашга кўмаклашди. Мамлакатимизда таълим-тарбия тизими ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилди.

Ота-оналарнинг ҳам таълим борасидаги қарашлари ўзгариб, фарзандлари ёшлигидан билим олишига жиддий эътибор қаратишмоқда. Бу эса барча болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш эҳтиёжини пайдо қилаётир. Натижада МТМлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Аҳолининг таълим борасидаги эҳтиёжи ортиши, замонавий қарашлар нодавлат мактаблар ва олий ўқув юртлари учун ҳам замин бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни хулоса қилиш мумкинки, бугунги шароитда жаҳон сиёсий харитасида мамлакатлар рақобатбардошлиги, аввало, унинг таълим ва фан даражасига боғлиқ. Иқтисодиёт ва жамият ривожланишининг замонавий ҳолати кадрларнинг касбий тайёргарлик сифати даражасига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаблар қўймоқда. Ходимнинг маълум бир иш фаолиятига мослик даражасини баҳолаш борасидаги талаблар доимий равишда ўзгариб ва кучайиб бормоқда. Бунда унинг нафақат касбий билимлари, малака ва кўникмалари, балки мантиқий фикрлаши, ташаббускорлиги, уддабуронлиги, гуруҳда ишлаш ва ҳамкорлик қилишга бўлган қобилияти, маълумотлилиги ва бошқа сифатлари муҳим аҳамият касб этади.

Таълим тизими ҳам бошқа соҳалар каби бирданига ислоҳ этилиб қолмай, балки шарт-шароит, имкониятлар ва аҳолининг талаб ҳамда дунёқарашини ҳисобга олган ҳолда аста-секин ўзгариб борадиган жараёндир. Мамлакатимизда ҳам йил сайин таълим тизими замон талабларига мослашмоқда ва ривожланмоқда. Нодавлат таълим муассасалари сонининг ошиб бориши ҳам жаҳон тажрибасига мос тарзда таълим сифати яхшилаётганига мисолдир.

Ривожланган давлатлар тажрибасини таълим тизимига янада кенгроқ қўллашга эътиборни кучайтириш зарур. Буларнинг барчаси улғайиб бораётган авлодни меҳнат бозори эҳтиёжлари, жаҳоннинг энг илғор талабларига ҳар томонлама мос қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири
Барно МЕЛИҚУЛОВА ёзиб олди.