Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Акмал Нуридинов "Халқ дипломати" кўкрак нишони билан тақдирланди
10:28 / 2023-11-17

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нуридинов "Халқ дипломати" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ушбу кўкрак нишони Акмал Нуридиновга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан Ўзбекистон ва хорижда халқ дипломатиясига қўшган ҳиссаси учун берилди.  

Акмал Нуридинов (Акмал Нур) 1959 йилда Наманганда таваллуд топган. Рангтасвир йўналишила ижод қилувчи мўйқалам соҳибининг бетакрор асарлари жаҳоннинг кўплаб давлатларида юксак эътироф этилган.    

А.Нуридинов 1978 йилда Павел Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртининг дастгоҳли рангтасвир бўлимини, 1984 йилда эса Тошкент давлат санъат институтининг дастгоҳли рангтасвир бўлимини тамомлаган.    

Устоз ижодкор 1985 - 1989 йилларда ўша даврдаги мамлакат Бадиий академия тизимидаги атоқли мусаввир Раҳим Аҳмедов ижодий устахонасида ўз билим ва маҳоратини чархлаган.    

Акмал Нуридинов ижодига мансуб асарлар юртимиз ҳамда жаҳон музейлари, хусусий галереяларида сақланмоқда.  

Айтиш керакки, кейинги йилларда миллий тасвирий санъатимиз  ривожи йўлидаги эътибор натижасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ижодий лойиҳалар қамрови тобора кенгайди. Акмал Нуридинов раҳбарлик қилиб келаётган Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташаббуси билан турли кўргазмалар, ижодий танловлар, биенналелар, маҳорат дарслари, симпозиумлар, ижодий пленэрлар муваффақиятли ўтказилмоқда.  

Ижод дунёсида ном қозонган Ўзбекистон мусаввирининг халқаро миқёсда юксак эътироф этилиши янгиланаётган Ўзбекистондаги бадиий жараёнларга берилаётган баҳо экани диққатга сазовор.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА