Акмал Ваҳобжонович Нуриддинов 1959 йил 27 февралда Наманган шаҳрида туғилган. У Тошкентдаги П.Бенков номидаги Рассомлик билим юртида, Маннон Уйғур номидаги Театр ва рассомлик институтида таҳсил олган. 1990 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академиясининг аъзоси.
Акмал Нур ижодида ишқ-муҳаббат, вафо ва садоқат асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Унинг асарларида ички туғён, атроф-муҳитда бўлаётган муносабатлар, қувонч ва андуҳ билан боғлиқ ҳис-туйғулар, табиатни севиш, муҳаббатли оила, ҳаётнинг муқаддаслиги кенг тасвирланади.
Унинг ижодий ишлари Швейцария, Нидерландия, Германия, Бельгия, Италия, Австралия, АҚШ, Исроил, Марокаш, Туркия, Россия, Қозоғистон музейларида, хусусий коллекцияларда сақланади. Акмал Нур Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги ва академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, давлат мукофоти лауреати, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибидир. У 2024 йили Япония императорининг “Чиқаётган қуёш” ордени, “Олтин нурли бўйин тасмаси” ордени билан мукофотланган.
Ижодкор биз билан суҳбатда ички кечинмалари, яратган асарлари, тасвирий санъатнинг бугунги ривожи ҳақида сўз юритди.
– Ижодингизда ой, анор, олма, аёл рамзлари кўп учрайди, бунинг сабабларини кенгроқ тушунтириб берсангиз.
– Тасвирий санъат адабиётдан озгина фарқ қилади. Адабиётда ҳамма нарса кўрсатилади. Тасвирий санъатда мен кўпроқ яхлит, лўнда “гапириш”ни яхши кўраман. Шунинг учун шарқдаги рамзларга кўпроқ мурожаат қиламан. Бу рамзлар орқали шарқда битта нарса борки, бир ҳаракат билан, бир қараш билан, ибо билан ёки бир жилмайиш билан кўп нарсани айтса бўлади. Худди шунга ўхшаш айтайлик, мен сизни севаман, деган сўзни, албатта, сўз билан ифодалаш шарт эмас. Бир оддий олма ёки гул кўнгил ифодаси бўлади. Агар анорни оладиган бўлсак, анор нафақат менинг ижодимда балки, бутун ўзбек ижодкорларининг асарларида бор. Анор – бу оила рамзи. Анор бериш билан бирга гўзал ёрга, кел, сен билан оила қурайлик, дегин маънони билдиради. Ҳаёт – катта дарё. Ана шу дарёдан ҳамма сузиб ўтади. Лекин мен жудаям хоҳлардимки, шу дарёдан кўнглингиздаги инсон билан қўшилиб ўтсангиз, энг гўзал ҳаётнинг интиҳоси ҳам шу бўлса керак. Менинг энг яхши кўрган ҳайвоним оқ эшак, оқ хўтик. Чунки, у беғубор, индамай ишини қиладиган ҳайвон. Бир асаримда мажнун сифат йигит, Лайлига ўхшаган қиз иккалалари соябон остида биргалашиб бир бутун бўлиб кетишлари ишланган. Ҳаётда ҳар бир одам ўзининг ярмини қидиради. Демак, қолган ярмини топган инсон бир бутун бўлади. Ана шу бутунликни кўрсатишни ният қилганман. Унда соябон остидаги муҳаббатнинг анбар ҳидлари барқ уриб турганини тасвирлаганман.
– Нимадан кўпроқ илҳомланасиз?
– Оиламдан, аёлимдан ва атрофимдаги чиройли аёллардан. Ҳар бир аёлдан мен нимадир оламан. Кимнингдир ўзини тутиши, кимнингдир ташқи кўринишидаги баъзи деталлар, кўзлари, қарашлари, ҳаммаси бўлажак яратиладиган асарларим учун қоралама. Хотирам ёмон эмас. Эслаб қоламан. Матога ишлаётганимда, албатта, ўшалар бирин-кетин кўз ўнгимдан ўта бошлайди. Деталларни ишлатган ҳолда хаёлимдаги, ниятимдаги образни яратаман. Шу тарзда янги асар дунёга келади.
– “Менинг уйим – менинг Каъбам”. Нима учун кўргазмангиз номини айнан шундай ном билан атадингиз?
– Биз каъбага меҳр берамиз. Каъбани севамиз. Ана шундай муҳаббат авваламбор, ҳар бир инсоннинг ўз уйига бўлиши керак. Яъни, инсон оиласига нисбатан ҳам, уйига нисбатан ҳам Каъбадек ҳурмат билан яшаш керак. Шунинг учун ҳам кўргазма “Менинг уйим – менинг Каъбам” дейилган. Бу ерда Каъба рамзий маънода келган. Каъбага бўлган меҳр каби улуғ муҳаббатни одам ўз оиласига бериши керак.
– Сизнингча, ўзбек тасвирий санъати бугун қайси йўлдан боряпти ва қайси босқичда?
– Дастлаб санъат тарихига назар солсак. Бу борада кўп санъатшунослар билан менинг фикрим фарқ қилади. Улар айтишадики, Европа санъатнинг сиёсатга аралашишлари бўлган. Лекин биз ўша йўллардан ўтишимиз шарт эмас. Кераги ҳам йўқ. Биз шарқона фикрдан, тарбиямиздан келиб чиқиб, йўлимизни шакллантиришимиз керак. Айни чоғда, челаклаб мой бўёқни матога сочиб, мана, мен дунёни шундай кўраман, шундай ҳис қиламан, шундай англайман, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Майли, улар ҳам давримиз мевалари. Бу ўткинчи. Адабиётни ҳам, тасвирий санъатни ҳам илдизидан узмаслигимиз керак. Биз улуғ Чингиз Айтматов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларни ўқидик ва кўрдик. Муҳаммад Юсуфдек Ватанини севадиган инсонлар билан бир даврда яшадик. Ҳозир 21 асрда яшаяпмиз. Энди дунё бизни таниши керак, фақат тақлидчи сифатида эмас, ўзимиз яратишимиз шарт.
– Ижодингизда сунъий интеллектдан фойдаланасизми? Сунъий интеллект ва рассом ўртасидаги муносабатни қандай баҳолайсиз?
– Ростини айтсам, замонавий технологиялардан орқароқда қолган одамман. Бу, мен учун бахт бўлса керак. Санъатда чиройли ширани йўқотмаслик керак. Сунъий интеллект-замонавий технология, у кинода тарихни тиклаш учун керак бўлиши мумкин. Тасвирий санъатда қўл кўнгил, юрак ҳарорати уриб турмоғи лозим. Янаям вақт ҳакам. Балким, кимдир ундан ўринли фойдаланар. Аммо менинг қўлимдан келмайди. Менга оддий мой бўёқ, оддий мато етади. Асл баҳони давр беради. Лекин, ҳозирги ёшлар ҳар томонлама ривожланиши, замонавий бўлиши зарур. Юрак уришини бериб турадиган қўл ва сунъий интеллект нафаси акс этиб турган санъат асари қандай бўлишини билмайман. Сунъий интелект ўз номи билан сунъий.
Санъат – менинг ҳаётим. Ҳаётимнинг асл маъноси. Ҳаёт тарзим. Санъат билан тирикман. Санъат бу кислород. Давлат ишлари билан банд бўлиб қолганимда бир ҳафта, икки ҳафта ишлолмай қоламан. Ҳаёт қоронғи бўлиб кетади. Чунки, мен асосий ишимни қилмаяпман-да. Агар озгина ўз ишимни қилсам ўзимга келаман. Кейин яна бемалол иш билан шуғулланишим мумкин бўлади. Яна кўнглим жойига тушади. Ташкилий ишлар билан шуғулланаман.
– Нима деб ўйлайсиз, кейинги йилларда мамлакатимизда тасвирий санъатга бўлган эътиборга рассомлар муносиб жавоб бера оляптими?
– Авваламбор, тасвирий санъатга бўлган эътибор учун мамлакатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман. 1997 йилда Академия ташкил топган. Шу пайтгача Ўзбекистон Бадиий Академиясининг ўз биноси бўлмаган эди. Биз кўп йиллар рассомлар уюшмасининг биносида ўтирдик. Бу бино Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти эди. Юртбошимизнинг ғамхўрлиги туфайли институтга бошқа бино берилди. Биринчи-иккинчи қаватларда Ўзбекистон Бадиий Академиянинг раҳбарияти жойлашди. Қолган икки этажда Олий таълимда малака ошириш курси шаклланди. Тасаввур қилинг, энди ҳар бир рассом 2 йилда 10 тадан чиройли санъат асари ишлайди. Давлатимиз томонидан маблағ ажратилди. Бундан ташқари ҳар бир ижодкор 8 та асарини Ўзбекистон Бадиий Академиясининг давлат фондига қолдиради. Фондимиз бойиб боради. Ўзбекистон Бадиий Академияси бошқарув аппаратининг Тошкентнинг қоқ марказида жойлашганининг ўзи тасвирий санъатга бўлаётган эътибордир. Чет элдан кўп меҳмонлар келади. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркиядан келганлар бизга ҳавас билан қарайди. Бизда галерея, конференция заллари, рассомлар учун ҳамма шароитлар бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 июлдаги қарорида тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу қарорда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳудудида қўшимча бино қуриш ва у ерда миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этиш, Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ҳудудида қўшимча 400 ўринли бино қуриш, шунингдек, ушбу мактабнинг ўқув биносини капитал таъмирлаш ишлари учун зарур маблағлар назарда тутилган. Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг Чилонзор туманидаги биноси реконструкция қилиниши, унинг ҳудудида замонавий галерия биноси қурилиши ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат юридик шахс мақомига эга бўлмаган ёш рассомлар маркази фаолияти йўлга қўйилиши ҳам кўзда тутилган.
Академиямизнинг асосий вазифаси санъат ривожига ҳисса қўшиш. Бу соҳадаги ёшлар тарбияси билан шуғулланиш, уларни ижодкор сифатида шаклланишига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон Бадиий Академиясининг ўз мактаблари бор. Кўргазма заллари, ҳамма вилоятда ўз галереялари, бўлимлари бор. Тасвирий санъатни кенг тарғиб қилиш, тасвирий санъатга мойил ёшларимизни тарбиялаб, институт, ундан кейинги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам асосий вазифамиз ҳисобланади.
Мунира Рамазонова суҳбатлашди,
ЎзА