Акмал Мозговой янги мавсумда "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилади
Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси, 2025 йилги футбол мавсумини Бирлашган Араб Амирликларининг "Бани Яс" клубида ўтказган Акмал Мозговой фаолиятини “Пахтакор” жамоасида давом эттирадиган бўлди.
Бу ҳақда хабар тарқатган пойтахт футбол клуби Қаршининг “Насаф” жамоасида камолга етган Мозговой билан 2027 йил охиригача мўлжалланган шартнома имзоланганини эълон қилди.
Айтиш лозим, Акмал бугунга қадар Суперлигада 163 ўйинда 13 гол муаллифи бўлган. Осиё клублари мусобақаларида 30 беллашувда 5 тўп киритган. Миллий терма жамоамиз таркибида эса 21 баҳсда 1 гол муаллифига айланган.
Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Акмал Мозговой турли ёш тоифалари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларида ҳаракатланган. Миллий терма жамоа сафидаги илк ўйинини 2020 йилда ўтказган. “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.
Т.Рўзиев, ЎзА