Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аккредитация: кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш йўлида
15:57 / 2025-07-01

Маълумки, 9 июнь – Бутунжаҳон аккредитация куни сифатида белгиланган бўлиб, ҳар йили ушбу сана маълум бир шиор остида ўтади.

Нуфузли халқаро ташкилотлар таклифига кўра, бу йил “Аккредитация: кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш йўлида” шиори белгиланди ва йил бошидан буён дунёдаги аккредитация идоралари шунга монанд равишда фаолият олиб бормоқда.  

“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ томонидан пойтахтимизда ташкил этилган масофавий ва анъанавий формат уйғунлигидаги халқаро анжуман мавзуси ҳам аккредитациянинг кичик ва ўрта бизнес ривожидаги иштирокига бағишланди.  

Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан зиёди, иш ўринларининг тахминан 74 фоизи айнан кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келади.  

[gallery-24122]

— Юртимизда маҳаллий сертификатлаш идораси хорижий тан олинган аккредитация идораларидан аккредитациядан ўтган замоноқ, маҳаллий аккредитация идораси унга ҳам миллий, ҳам халқаро сертификатлар бериш имконияти яратилмоқда. Биргина халқаро тан олинган сертификат билан ҳам ички, ҳам хорижий давлатлар учун маҳсулотларни экспорт қилиш ва уларнинг хориж бозорига техник тўсиқларсиз кириб боришига шароит яратилади, — деди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Жуманазаров.  

Анжуманда юртимизда аккредитация соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва халқаро савдода самарали мувофиқликни баҳолаш механизмининг ўрни ҳақида сўз борди.

– Аккредитация орқали сифат таъминланмоқда, –  деди “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ директори ўринбосари Ш.Юлдашова. – Жумладан, 2024 йил давомида Марказ томонидан 90 та аккредитация жараёнлари, 440 та даврий баҳолаш ўтказилди. Бугунги кунда, Миллий аккредитация тизимида: ISO/IEC 17025 халқаро стандарти бўйича 280 та синов лабораториялари мавжуд.  

Анжуманда кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолиятида аккредитациянинг ўрни, муҳимлиги ва эришган натижалари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Дарҳақиқат, бизнеснинг ҳалол ва энг юқори даражадаги стандартларга кўра фаолият юритиши ҳақидаги аккредитация томонидан берилган хулоса мижозлар ва ҳамкорлар учун ижобий сигналдир.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА