Кучайиб бораётган глобал чақириқлар ва халқаро муносабатлар трансформацияси шароитида давлатлар ўртасидаги конструктив мулоқотни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон хорижий шериклар билан маданий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда.
Бу борада мамлакатимиздаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифлининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси хусусидаги фикри алоҳида қизиқиш уйғотади.
– Мурожаатнома муҳим стратегик ҳужжат бўлиб, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўли, ижтимоий бирликни мустаҳкамлаш ва кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишини акс эттиради. Унда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланган.
Бунда Озарбайжон Руспубликаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳозирги муносабатларнинг юқори даражаси муҳим аҳамиятга эга бўлаётир. Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевлар намойиш этаётган сиёсий ирода, шунингдек, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро муносабатлар туфайли икки қардош мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Давлат раҳбарлари ташаббуси билан вужудга келган мустаҳкам сиёсий пойдевор маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг тизимли, жадал ва мазмунли ривожлантириш учун қулай шароитларни яратди.
Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасида жаноб Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги фикри, шунингдек, Озарбайжоннинг “Марказий Осиё ва Озарбайжон” форматида тўла қонли иштирокига концептуал ёндашуви илгари сурилган.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ўз фаолиятида Президент Илҳом Алиев томонидан белгиланган маданий дипломатия йўли, шунингдек, унинг қардош Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш бўйича стратегик қарашларига ҳамиша таянади. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жамият ривожланишида маданият, таълим ва ёшларнинг ролига қаратаётган эътибори марказ лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай муҳит яратмоқда.
Биз бундан буён ҳам Озарбайжон-Ўзбекистон маданий-гуманитар ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада чуқурлаштиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Азиза Алимова ёзиб олди, ЎзА