Акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди
Кармана тумани “Оқтош” йўл – патруль масканида фуқаро А.Б.нинг “Epica” русумли автотранспорт воситаси тўхтатиб кўздан кечирилганда, унда фуқаро А.Ж. тўрт хил турдаги хорижда ишлаб чиқарилган 3 минг 460 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотини Навоий шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб келаётгани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ички ишлар органи ва божхона ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда унинг хонадонидан яна 140 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
Департамент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасида Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА