Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар парламент юқори палатасининг барча қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, бугун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Шундан сўнг “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

– Ушбу қонун корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва давлатнинг хўжалик жамиятларидаги хусусий иштирокчилар (акциядорлар) билан тенг иштирокини таъминлашга қаратилган, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев. – Уни тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲТТ) тавсиялари инобатга олинди. Мазкур қонун билан “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисобварақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқи берилишини кўзда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодексига унитар корхонани бошқариш органи сифатида кузатув кенгашини жорий этиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда. Ушбу норманинг амалга жорий этилиши унитар корхона ва унинг эгалари манфаатлари йўлида фаолият юритилишини ҳамда корхона раҳбари устидан самарали назорат ўрнатилишини таъминлайди.
Таъкидланганидек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундан акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (“олтин акция”) бекор қилинмоқда. Унинг бекор қилиниши йирик салоҳиятли инвесторларнинг хусусийлаштириладиган корхоналарга бўлган қизиқишини кучайтиришга ижобий таъсир қилади.
Мазкур қонунда акциядорлик жамиятлари ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзоларининг ваколат муддатини бир йилдан уч йилгача узайтириш белгилаб қўйилмоқда. Чунки кўп ҳолларда корхоналарни ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси, корпоратив шартномалар 3-5 йилликка мўлжалланган бўлади. Акциядорлик жамияти раҳбариятининг ваколати ҳам узайтирилиши корпоратив бошқаришнинг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА