Сирдарё вилоятида ҳам Соғлиқни сақлаш вазири ташаббуси билан ўтказилаётган “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси доирасида тиббий кўрик ташкил этиш бошланди.
–Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари ва уларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ташкил этиладиган тиббий кўрикка Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги 325 умумтаълим мактабларининг 14 мингдан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлари қамраб олинади, – дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуф Мирхонов. – Ташкил этилган тиббий кўрик жараёнларида умумтаълим мактабларининг 1500 га яқин ўқитувчи ва мураббийлари иштирок этди. Уларнинг саломатлиги билан боғлиқ масала ва муаммоларга, шаҳар ва вилоят даволаш профилактика муассасаларининг невропатолог, уролог, гинеколог, офтальмолог, стоматолог, психолог, эндокринолог каби тор доира мутахассисларидан аниқ жавоб олишлари мумкин.




Тиббий кўрик жараёнларига 200 га яқин ўқитувчи ва мураббийлар келган бўлса, август ойининг 10 санасига қадар гулистонлик, қолаверса сирдарёлик ўқитувчи ва мураббийлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтади. Энг муҳими, тиббий кўрик натижаларига қараб, соғлиғида муаммоси бор, даволанишга муҳтож ўқитувчиларга вилоят ва шаҳар даволаш профилактика муассасаларида стационар даволаниш учун тавсия ва маслаҳат берилади. Тиббий кўрик ва даволаниш билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Бу эса 2023 йил — “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да давлатимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларга ғамхўрлик намунаси ҳисобланади.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА.