Зўравонлик кенг тарқалган ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда “Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни” муносабати билан “16 кун зўравонликсиз!” акцияси жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу акция кенг миқёсда давом этмоқда.
Наманганда “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши вакиллари Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб, хотин-қизлар билан айни шу мавзуда суҳбатлашди.

– Зўравонликдан эркаклар ҳам жабрланиши мумкин, лекин хотин-қизларнинг жабрланиш эҳтимоли кўплиги, зўравонлик тури, оғирлик даражаси ва келиб чиқадиган оқибатларни инобатга олган ҳолда партиямизнинг “Аёллар қаноти” бўлими томонидан жабрдийда хотин-қизларга яқиндан ёрдам бериб келинмоқда, – дейди ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раиси Дилноза Азизова.

Мономарказда касб-ҳунар ўрганаётган аёлларни нафақат ишлари, балки турмуш шароитлари билан ҳам танишиб, бандлигини таъминлашга ёрдам кўрсатилаётгани қайд этилди. Бу ерда кўплаб аёллар хорижий тилларни ўрганиб, касб-ҳунар эгаллаб, ўз бизнесларини йўлга қўймоқда.
Суҳбат давомида мономарказда касб-ҳунар эгаллаётган хотин-қизларга бадиий китоблар совға қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА