2021 йилнинг 7 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида ўз акасининг ўлимига сабабчи бўлган 1990 йилда туғилган Ш.О. га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Ш.О. 2021 йил 4 август куни Навоий шаҳри “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Шоҳжаҳон Шамшири” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилаётган қурилиш объектининг 3-қаватида акаси Э.О. билан бирга овқатланади. Ака укалар спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Маст ҳолатда иш ҳақи масаласида акаси Э.О. билан ўрталарида ўзаро келишмовчилик келиб чиқади. Жанжал авжига чиқиб Ш.О акасининг бош қисмига шу ерда турган кетмон дастаси билан бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказади.
Э.О. республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2021 йил 9 август куни касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этади.
– Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 2021 йил 17 августдаги 137-сонли хулосасида марҳум Э.О.нинг танасида ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари мавжудлиги ва бу жароҳатлар унинг ўлими сабаби билан бевосита боғлиқ эканлиги кўрсатилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Ҳабилулла Тўхтаев. – Суд Ш.О.ни содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, қонуний вакилнинг даъвоси йўқлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисми “д” банди ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Абдували Бўриев, ЎзА