Инсоният тараққиёти шиддат билан ривожланиб, фан ва технология соҳасида катта ютуқларга эришилмоқда. Бироқ ушбу ривожланиш жараёнида маиший, саноат ва пластик чиқиндиларнинг кўпайиши натижасида атроф-муҳит ифлосланиши кузатилиб, табиатга зарар ҳам ортмоқда.
БМТ маълумотига кўра, дунё аҳолиси 2050 йилда 9,7 миллиардга, 2100 йилда эса 11,2 миллиардга етиши кутилмоқда. Аҳолининг 55 фоизи шаҳарларда истиқомат қилаётган бўлса, 2050 йилга бориб, бу рақам 70 фоизга етади. Бу эса катта-кичик шаҳарларда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошаётганини эътиборга олсак, муаммони ҳал қилиш бўйича тезкор чоралар кўрилмас экан, бу дунё экологиясига янада жиддий хавф туғдириши мумкин.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган хиёбон майдони ҳамда «Наврўз» боғи ҳудудида ижтимоий ташаббус – «Экофаоллар» акцияси ўтказилди.
Акция доирасида хиёбон майдони ҳамда «Наврўз» боғи чиқиндилардан тозаланди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025 йил 28 июлдаги буйруғига мувофиқ, талаба-ёшларнинг экологик маданиятини янада юксалтириш, тарғибот тадбирларини ташкил этиш, ёшлар орасида жамоат жойларини чиқиндидан холи ҳудудга айлантиришни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, профессор-ўқитувчилар, ходимлар, магистр ва докторантлар ҳамда 200 нафардан зиёд талаба фаол иштирок этишди.
— Ўзбекистон ёшларини экологик маданият ва ижтимоий масъулият руҳида тарбиялаш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишларидан бири, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Академия бошланғич ташкилоти етакчиси Абдуфаттоҳ Ҳакимов. — Академия ташаббуси билан ташкил этилган бу тадбирдаги иштирокимиз орқали ёшларга атроф-муҳит тозалиги, ҳудудларни обод қилиш ва яшил маконни кенгайтиришда амалий ҳисса қўшиш муҳимлигини яна бир бор кўрсатишни мақсад қилдик.

«Экофаоллар» акцияси нафақат ҳудудларни тозалаш ёки кўкаламзорлаштириш, балки жамоатчиликда экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган. Ёшлар табиатга эътиборли, жамият учун масъулиятли бўлиб камол топса, бу келажагимиз учун энг муҳим омиллардан ҳисобланади.
Бундай ташаббуслар атроф-муҳитни асрашга қаратилган кенг жамоатчилик ҳаракати шаклланишига хизмат қилади.
Академияда экологик йўналишдаги лойиҳалар доимий равишда амалга оширилади. Академия ва ҳамкор муассасалар билан биргаликда ёшлар ўртасида “Яшил макон”, “Тоза муҳит”, “Экосаводхонлик дарслари” каби лойиҳалар ўтказилмоқда.
Мазкур акция орқали аҳоли, айниқса, ёшлар онгига табиатга муҳаббат руҳини сингдириш, табиат ва шахс муносабатларида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳисси шакллантирилди.
Шунингдек, ёшларда экологик лойиҳаларга қизиқиш уйғотиш, лидерлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларни келгусида шундай тадбирларни ташкил этиш бўйича ташаббус қилишга руҳлантирилди.
Акция иштирокчиларига зарурий ашёлар, елим қоп ва қўлқоплар, футболка, бош кийим, эко-сумка, шунингдек, антисептик воситалар тарқатилди.
Юртимизда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига cингади.
Якунда фаол иштирок этган акция иштирокчилари турли номинациялар бўйича фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар ёшларимизда табиатга дахлдорлик ҳиссини уйғотиб, экологик барқарорликни таъминлаш, табиатга эътиборли бўлишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА