Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида Жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ижросини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли олиб бориш ва ёшларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида спортнинг армрестлинг тури бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 200 дан ортиқ спортчи ўзаро куч синашди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг 4-босқич курсанти Ҳурматилло Мадазимов 75 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, битта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.
Мусобақа якунида совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
– Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш ва унинг оммавийлигини ошириш, аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш муҳим ўрин тутмоқда, – дейди Академиянинг ҳарбий ва жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчиси, катта лейтенант Рустам Чориев.–- Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ қилинишида мураббийлар томонидан ташкилотчилик ва жонбозлик талаб этилади. Албатта, биз ҳам ёшларимизга намуна бўлишга ҳаракат қиляпмиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА