English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академиклар наманганлик ёшлар билан учрашди
08:04 / 2025-05-28

Ёшлар – келажак бунёдкорлари, жамиятнинг энг илдам ва фаол қатлами. Улар янгича фикрлайди, янги технологияларни тез ўзлаштиради, улкан мақсадларга интилади.

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бошланган “Академик ва ёшлар” номли учинчи анъанавий анжуман айнан ёшларни юксак билим чўққиларига элтувчи тадбир сифатида катта аҳамиятга эга бўлди. 

Унда мамлакатимизда “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмаларни ҳозирлаш, илм-фан ва ёшлар сиёсатини уйғунлаштириш, етук академиклар ва истиқболли ёш олимлар ўртасида илмий мулоқотни мустаҳкамлаш, сўнгги фан ютуқлари ва инновацион ғояларни тарғиб қилишга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинади. 

Наманган давлат техника университети ташаббуси, республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур нуфузли илмий-маърифий тадбирда 20 дан зиёд академиклар, таниқли фан арбоблари, юртимиздаги етук олимлар, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қирғиз Республикаси ва Тожикистондан ташриф буюрган академиклар, хорижий давлатларнинг ўнга яқин етакчи олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг тантанали очилишида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, физика-математика фанлари доктори, профессор Шавкат Солиҳов, Ўзбекистон Миллий университети профессори, физика-математика фанлари доктори Абдулла Аъзамов, Фанлар академияси Тарих ва археология институти профессори, тарих фанлари доктори Аҳмадали Асқаров, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, физика-математика фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуллаев, Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Мамасаидов, Тожикистон технология университети профессори, иқтисод фанлари доктори Абдушукур Назаров “Илм-фансиз келажак йўқ” ғояси асосида режалар ишлаб чиқиш, ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга бўлган қизиқишни ошириш, барча соҳаларга илмий ғояларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги қимматли фикрларини баён этди.

[gallery-23632]

Қайд этилганидек, академикларни ёшларга таништириш, уларнинг фаолияти ва илмий ишларини кенг тарғиб этиш, ёш олимлар, тадқиқотчи ва иқтидорли талабаларга илмий жиҳатдан рағбат ва туртки бериш, истеъдодли илмий ходимларнинг фаолияти ва тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан салмоқли ишлар қилинмоқда.

– Юртимиз ва Марказий Осиё давлатларида катта тажрибага эга бўлган академиклар билан бир даврада ўтириш биз ёшларга ҳам шараф, ҳам масъулият бағишламоқда. Ҳар бир спикернинг чиқиши, маърузаларда кўтарилган долзарб масалаларни диққат билан тингладик, – дейди Наманган давлат техника университети манзарали боғдорчилик ва ландшафт дизайни йўналиши магистранти Фотимажон Қамбарова. – Ўзим ҳам кўплаб тенгқурларим қаторида ёш изланувчи сифатида илмий лойиҳаларда қатнашиб келаман. Хусусан, болалар боғчаларининг инновацион ландшафт дизайнини яратиш бўйича лойиҳам танловда иккинчи даражали дипломга муносиб кўрилди. Натижада, лойиҳам бўйича амалий ишлар мактабгача таълим ташкилотларида татбиқ этилади. Келгусида бу борадаги интилишларимни изчил давом эттиришга интиламан. 

Анжуман дастурига мувофиқ, Наманган вилоятида жойлашган йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидаги мавжуд муаммолар ечимига бағишланган муҳокамалар ўтказилади. “Ишлаб чиқариш-Фанлар академияси-олий таълим” занжири яратилиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланади.

Қолаверса, илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган изланувчилар билан академик ва профессор олимлари учун Наманган вилоятининг диққатга сазовор манзиллари – тарихий обидалар ва туристик объектлар бўйлаб саёҳатлар режалаштирилган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий текшириш институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий-инновацион йўналишларда фаол ҳамкорлик ишларини олиб бориш, тадқиқотларни биргаликда ўрганиш, стажировкалар уюштириш, фундаментал ва амалий грант лойиҳалари бўйича халқаро танловларда биргаликда қатнашиш, илмий амалий анжуманлар ўтказиш, дунёнинг нуфузли илмий институтлари билан дўстона алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда физика фанини ўқитиш бўйича Наманган тажрибасини кенг оммалаштириш мақсад қилинган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА