Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик хотирасига эҳтиром кўрсатилди
19:21 / 2025-10-17

Паркент туманидаги Материалшунослик институти атоқли физик олим, академик – Содиқ Азимов таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан унинг хотирасига ўрнатилган ёдгорлик лавҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарияти, Паркент туман ҳокими Сардор Исоқулов, институт олимлари, академикнинг яқинлари, шогирдлари, ҳамкасблари ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда туман ҳокими ўз сўзида, Содиқ Азимовнинг илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси ва ядро физикаси ривожига қўшган хизматлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, Президентимиз томонидан мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, истеъдодли ёшлар ҳамда тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар хусусида алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов ҳамда Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, шогирдларини етук олим бўлиши йўлидаги жонкуярлиги, чин инсоний фазилатлари, илмий изланишлардаги фидокорлиги тўғрисида илиқ хотиралар билан ўртоқлашди. Меҳмонлар ҳайкал пойига гуллар ҳам қўйди. 

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, физик олим Содиқ Азимов (1914 – 1988)  республика илм-фанида ядро физикаси ва қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳаларининг асосчиларидан биридир. У ЎзР ФА Ядро физикаси институти ташкилотчиларидан бўлиб, Паркентдаги қуёш печининг барпо этилишида муҳим роль ўйнаган. 

С.Азимов фаолияти давомида 14 нафар фан доктори ва 70 дан ортиқ фан номзодларини тайёрлаган, 1964 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби” унвонига сазовор бўлган.

А. Мусаев, ЎзА.