Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Садритдин Турабджанов Жиззах политехника институтига ташриф буюрди.
Дастлаб, С.Турабджанов институт ректори, техника фанлари доктори, профессор А.Усманкулов билан учрашиб, дўстона ва самимий мулоқот қилди. Мулоқот давомида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф чоғида С.Турабджанов институт ҳудуди, ўқув аудиториялари, лаборатория хоналари ҳамда институтнинг муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази фаолияти билан танишди.
Сўнгра академик билан талаба-ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
[gallery-19957]
Мазкур учрашувда академик Садритдин Турабджанов, ЖизПИ ректори Алишер Усманкулов, соҳа проректорлари, деканлар, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида академик С.Турабджанов тадбир иштирокчиларига ўзининг илмий ва амалий фаолияти, академик даражасигача етиб келишдаги сермашаққат ҳаёт йўли, меҳнатлари ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, бугунги кунда ёшларга қаратилаётган эътибор ва илм-фан соҳасида яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, талаба-ёшларни яратилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди.
Академик С.Турабджанов юртимиздаги илм-фан соҳаси учун малакали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашда қўшаётган фидокорона ҳиссаси, кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда Жиззах политехника институти билан ҳамкорлиги учун институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Учрашув якунида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.
ЎзА