Куни кеча академик Содиқ Азимов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Замонавий физиканинг фундаментал ва амалий муаммолари” ХI халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Фанлар академияси С.А.Азимов номидаги Физика-техника институти ташаббуси билан ўтказилган мазкур нуфузли анжуман бугун, 18 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Содиқ Азимов нафақат ўзбек физикасининг асосчиларидан бири, балки илмий мактаб яратган фидойи олимлардан бири сифатида эътироф этилади. У асос солган Физика-техника институти 1943 йилдан бери ядро физикаси, ярим ўтказгичлар, космик нурлар, қуёш энергетикаси ва материалшунослик каби йўналишларда илмий изланишларнинг етакчи марказига айланган.
Бугунги кунда бу даргоҳда фотоэлектр тизимлар, қуёш панеллари, яримўтказгичли датчиклар, радиометрлар каби юқори технологик маҳсулотлар устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Институт илм-фанни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш орқали мамлакат энергетика ва саноат соҳаларига инновацион ечимлар таклиф этмоқда.
Конференция бу йил 11-маротаба ўтказилмоқда. Унда Покистон, Туркия, АҚШ, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатлардан 200 дан ортиқ олимлар иштирок этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистондаги 20 дан зиёд илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ҳам ўз илмий натижалари билан қатнашмоқда.
Анжуман ядро ва заррачалар физикаси, яримўтказгичлар ва қаттиқ жисмлар физикаси, қайта тикланадиган энергия манбалари, материалшунослик каби долзарб мавзуларни қамраб олди.
Конференция доирасида С.Азимов ҳайкалининг очилиш маросими ташкил этилди. Сўнгра етакчи халқаро олимларнинг ялпи мажлисдаги маърузалари тингланди.
Бугун, 18 октябрь куни Физика-техника институтида тематик сексия йиғилишлари давом этмоқда. Мазкур илмий форумнинг бош мақсади фундаментал тадқиқотларни амалий лойиҳаларга татбиқ этиш, ёш олимлар учун тажриба алмашиш имконини яратиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат.
Академик Содиқ Азимовнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. У яратган илмий мактаб замонавий физикадаги янги изланишлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
“Замонавий физиканинг фундаментал ва амалий муаммолари” халқаро конференцияси эса шу пойдеворга янги илмий ғоялар, ҳамкорлик ва инновацияларни қўшаётган беқиёс майдон бўлмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/WfNldrXcRLc?si=Hqaog9nX7uq4MBME" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева,
Д.Якубов (видео)
ЎзА