Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик: Ўзбекистонда хаттотлар тайёрловчи факультет очиш керак (+видео)
09:08 / 2024-03-13

Шарқшунос олима, академик Дилором Юсупова ЎзА мухбири билан суҳбат жараёнида ноёб қўлёзмаларни ўрганувчи ёшларни кўпайтириш, хаттотлик соҳасини қайта тиклаш борасидаги таклифларини билдирди.

– Бугунги кунда Ўзбекистонга тегишли ноёб қўлёзмалар Европанинг қайси кутубхоналарида сақланяпти? Уларни ўрганиш, юртимизга қайтариш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

– Маълумки, англияликлар (руслардан олдин) Ўрта Осиёни босиб олиш ниятида келган пайтларида жуда кўп қўлёзмаларимизни олиб кетишган. Уларнинг ичида жуда ҳам ноёблари бўлган. Масалан, Хондамирнинг Навоийга бағишланган "Макорим ал-ахлоқ" қўлёзмаси фақатгина Британия музейида сақланади.  

1940 йилларда Навоий юбилейига тайёргарлик қилинаётганда юртимиздаги шарқшунослар қўлёзма нусхасини олишга ҳаракат қилган. Маҳоратли хаттот Ибодулла Одилов нусха яратиб қолдирган. Бу жуда яхши иш бўлган. Шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.  

Францияда ҳам ноёб қўлёзмаларимиз бор. Санкт-Петербургнинг 5 та кутубхонасида бизда йўқ қўлёзмалар сақланади.  

– Қўлёзмалардан нусха олишда қандайдир муаммолар бўлмайдими?  

– Совет даврида ноёб асарлардан нусха олиш бироз осонроқ эди. Ҳозир қўлёзмалардан нусха олиш пуллик. Қўлёзманинг ҳажми қанча катта бўлса, шунга қараб пул тўланади. Шундай бўлсада тадқиқотчиларимиз керакли маблағини тўлаб, нусха олишга ҳаракат қилишяпти.    

Ҳозирги пайтда ёшларимиз қўлёзмаларни ўрганишга унчалик қизиқмайди. Чунки, бу жараён жуда оғир ва узоқ кечиб, одамдан билимдан ташқари сабр-тоқат талаб қилади. Шу сабабли бироз ёши каттароқ ходимларимиз шу иш билан шуғулланишади.  

– Тарихимизни ўрганишда узилишлар, нотўғри талқинлар бор. Бугун Ўзбекистон тарихини мукаммал бир ҳолатда яратиш бўйича қандай ишлар йўлга қўйилмоқда?  

– Илгари яратилган Ўзбекистон тарихини нуқсонли яъни қолдирилган жойларини тўлдириш учун ҳозир имкониятлар  катта. Бу иш жуда оғир бўлсада, институтимиз ходимлари кўпгина манбаларни муомалага киритиб қўйишяпти. Ана ўшалар ичида Ўзбекистон тарихига тегишли маълумотлар ниҳоятда кўп.  

Илгариги Ўзбекистон тарихи китобларини тарихчилар қўлида бор манбалардаги маълумотлардан фойдаланиб ёзган. У даврдаги муаллифларни айблаш ниятим йўқ. Чунки улар қўлларидаги жуда кам маълумотлардан фойдаланиб китоб ёзган. Ҳозирги кунда кўп қўлёзмалар муомалага киритилган. Шуларни синчиклаб ўрганиб, Ўзбекистон тарихини тўлдириб, баъзи жойларини тузатиб кетишимиз мумкин.  

Масалан, Хондамирнинг “Дастур ал-вузаро” (вазирлар учун қоида) асари ҳеч қаерда ўрганилмаган. Шогирдим Шерзод Маҳмудовга шу асарни ўрганиб, илмий изоҳли таржима қилиб, диссертация ёзишни тавсия қилгандим. Шу ишга масъулият билан қараб бир йил ичида таржимасини тугатди. Мен уни кўриб, камчиликларини тузатиб бердим. Шундай қилиб, битта тадқиқот яратилди. Агар ёшларни илмий изланишга шу тарзда йўналтирсак, улар бу ишни ривожлантиришлари мумкин.  

– Шарқшунос олимлардан манбаларни ўрганиш учун энг аввало, нималар талаб қилинади?  

– Олий ўқув юртини битириб келган ёшлар албатта, бирданига қўлёзмани ўқишга киришолмайди. Улар катта домлаларнинг ишига ёрдам бериб, танишиб, ёзган мақолаларини синчковлик билан ўрганишлари керак. Ва энг асосийси, араб ҳамда форс тилларини мукаммал билишлари шарт.  

– Хаттотлик ҳам ўзига хос бир ноёб санъат ҳисобланади. Бугун юртимиздаги қайси хаттотларнинг асарларини мукаммал деб айта оласиз?  

– Фондимизда машҳур хаттот Султон Али Машҳадийнинг қўлёзмалари сақланади. У кишининг ёзувига қараб лол қоласиз. Машҳадийнинг ёзуви ниҳоятда чиройли. Қўлёзма ёки унинг нусхасида бирорта нуқталар ўчиб кетган бўлса ҳам сўзнинг маъноси ўзгаради. Бу хаттотнинг қўлёзмаларида бирорта ҳам нуқта ўчиб кетмаган. Яъни камчилиги йўқ.  

– Бугунги кунда хаттотлик йўналиши қай даражада?  

– Ҳозирда деярли юртимизда тилга оладиган хаттотлар йўқ.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ECpiG8Ph-EI" title="Akademik: Oʻzbekistonda xattotlar tayyorlovchi fakultet ochish kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ушбу соҳани қайта ривожлантириш учун Тошкент давлат шарқшунослик университетида хаттотларни тайёрловчи факультет очиш керак, деб ўйлайман.  

Чунки бизда шундай қўлёзмалар борки, унинг нусхаси дунёда йўқ. Ана шундай қўлёзмаларни бир неча нусхада сақлаб қолиш учун маҳоратли хаттотлар керак.  

Нигора Раҳмонова,

Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА