Андижон давлат университетида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби Сирожиддин Зайнабидинов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Замонавий яримўтказгичли микроэлектроника ва фотоволтикада наноўлчамли тизимлардан фойдаланиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Мамлакатимиздаги ҳамда қўшни давлатлардаги қатор олий ўқув юртлар профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар иштирокидаги халқаро илмий-амалий анжуман очилишида Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев сўз олиб, академик Сирожиддин Зайнабидиновнинг юртимиз ва жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси, фидокорона ва машаққатли меҳнати, шунингдек, ёш авлодни илмий изланишларга йўналтиришдаги хизматларини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, у анжуман иштирокчиларига самарали илмий мулоқотлар, муҳокамалар ҳамда анжуман ишига юксак натижалар тилади.
Олий таълим, фан ва инновацияцлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакиллари, хорижий меҳмонлар, илмий ҳамкорлари, устознинг ҳамкасблари, шогирдлари томонидан самимий қутловлар айтилди. Олимнинг илмий фаолиятига юксак баҳо берилиб, унга эҳтиром кўрсатилди.
Чиқишларда академик Сирожиддин Зайнабидиновнинг бой илмий мероси, замонавий фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда ўзининг илмий мактабини яратишдаги фидокорона фаолияти алоҳида эътироф этилди.
[gallery-26866]
Шундан сўнг илмий-амалий анжуман шўъбалари доирасида давом этди. Мамлакатимиз ҳамда хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган тажрибали олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан замонавий физика фани тараққиётининг долзарб йўналишларига бағишланган илмий маърузалар ўқилди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда фан ривожини янада юқори босқичга кўтариш юзасидан ўзаро фикр алмашилди, янги илмий ғоялар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.