Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти илмий-тажриба станциялари фаолияти ривожлантирилади
17:14 / 2024-07-05

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг илмий-тажриба станциялари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Институтнинг илмий-тажриба станцияларида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

а) Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги Бандихон илмий-тажриба станциясида:

қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан 142 гектар ер майдонини қайта фойдаланишга киритиш мақсадида электр энергия тежайдиган замонавий насос агрегатини ўрнатиш ва суғориш тармоқларини тиклаш, мева ҳамда узум навларининг интенсив кўчатчилигини йўлга қўйиш;

350 гектар ер майдонида интенсив мевали боғ ва 200 гектар ер майдонида узумзорлар барпо этиш;

вируслардан холи, соғлом мева ва узум кўчатларини “in-vitro” усулида кўпайтириш учун замонавий лаборатория ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш;

50 гектар ер майдонида мева ва узум навларининг стандартларга жавоб берадиган кўчатларини етиштириш;

300 гектар ер майдонида сув тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш;

б) Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Навоий илмий-тажриба станциясида 200 гектар ер майдонининг сув таъминотини яхшилаш учун электр энергия тежайдиган замонавий насос агрегатини ўрнатиш ва суғориш тармоқларини тиклаш ҳамда узум навлари кўчатчилигини ташкил этиш.

Институт ва унинг тизимидаги илмий-тажриба станциялари ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 73 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида таъмирлаш-тозалаш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мева, узум ҳамда сабзавот маҳсулотларини етиштириш мақсадида мазкур қарорга мувофиқ Қизириқ тумани ҳокимлиги захирасига қайтариладиган ер майдонларини ижарага олиш ҳуқуқини “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминлайди.

ЎзА