Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик лицейларга қабул икки босқичда амалга оширилади 
16:16 / 2024-06-10

Академик лицейларга қабул мактабларнинг 9-синф ўқувчилари орасидан 2 босқичда амалга оширилади. Дастлаб ўқувчиларнинг психологик-педагогик жиҳатдан ривожланишига ташхис қўйилади.

Мазкур танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳар йили 10 июнгача мактаблардаги иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш мақсадида психологик-педагогик ташхис қўйиш усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. 

Илк танловдан ўтган ўқувчиларни академик лицейларга ўқишга қабул қилиш учун имтиҳон ташкил этилади. 

2024 йил 10 июндан 2024/2025 ўқув йили учун академик лицейларга умумтаълим мактабларининг жорий йил 9-синф битирувчиларидан ҳужжатларни my.edu.uz портали орқали онлайн қабул қилиш бошланди. Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида тизимга ID-карта ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома маълумотларини киритиш билан бирга, қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда юклаши лозим: 

– 3,5х4,5 см ўлчамдаги 1 та рангли фотосурат; 

–Ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар — фан олимпиадаси ғолиби эканлигини тасдиқловчи диплом, чет тили ва умумтаълим фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (мавжуд бўлса). 

Қайд этилишича, ҳар бир академик лицейда ўқувчиларни қабул қилиш бўйича академик лицей директори раислигида Маслаҳат кенгаши ташкил этилади. 

Академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилиш квотаси ҳар йили 15 июнгача ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Аризаларни ўқувчининг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар ҳам бериши мумкин.

Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзлари танлаган учтагача академик лицейнинг биттадан мос йўналишини танлаши (бунда таълим тили бир хил бўлиши керак) ва қайси чет тилидан кириш тест синовини топширишини белгилайди. Улар ўзи танлаган ҳудудда ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади. 

Қабул жараёнлари 10 июлга (шу куни ҳам) қадар давом этади. 

Муҳайё Тошқораева, 
ЎзА