ИИВ академиясида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда тизим тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб интернати ва академик лицейлар раҳбарлари, уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари, шунингдек академия раҳбарияти, факультет ва кафедралар бошлиқлари қатнашди.
Йиғилганлар академик лицейларда амалга оширилаётган таълим-тарбия жараёнлари, педагог кадрлар салоҳияти, ўқувчи ёшларнинг билим даражаси, бу борадаги долзарб талаблар юзасидан фикр алмашди.

Изчил ислоҳотлар даврида Президентимизнинг муҳим қарорлари билан тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими йўлга қўйилгани қайд этилди. Лицейларда таълим сифатини янада ошириш учун таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиб амалиётга жорий қилиш, ўқув жараёнларини янгича методлар билан бойитиш, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириб бориш, иқтидорли ёшлар билан индивидуал ишлашни йўлга қўйиш, уларга касбий билим, жанговар-жисмоний кўникмалар, замонавий ахборот технологиялари ва хорижий тилларни мукаммал ўргатиш зарурлиги таъкидланди.
“Биз таълимга мустаҳкам пойдевор қўйсак, шунда натижага эришамиз. Бунинг учун ўқувчиларимизни ёшликдан бошлаб юксак билимли, маънан ва жисмонан соғлом, касбига садоқатли, фидойи, ватанпарвар шахс сифатида тарбиялаб боришимиз керак”, – деди ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов.

Мулоқот чоғида лицей битирувчиларининг академия кундузги таълим бакалавриатига қабул жараёнида қайд этган натижалари, ўқиш давомида фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари, амалиётда ёш ходимлар дуч келаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Ўқув масканлари раҳбарларининг таклифлари тингланиб, ҳудудларда таълим сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жамшид Холов,
ИИВ академияси Ахборот хизмати