English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик лицей ўқувчилари Малайзияда
19:28 / 2026-02-10

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи (ЖИДУ) ўқувчиларидан иборат делегация Малайзияга ўқув-маданий сафар билан борди. Ушбу ташриф ўқувчиларнинг халқаро таълим муҳитини ўрганиш, хорижий олий таълим муассасалари тажрибаси билан яқиндан танишиш ҳамда академик салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Сафар доирасида делегация Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган INTI International University таълим даргоҳига ташриф буюриб, университетда жорий этилган замонавий таълим тизими, инновацион ёндашувлар, академик дастурлар ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу учрашувлар ўқувчиларга халқаро стандартлар асосидаги таълим жараёнлари ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Ташриф давомида INTI International University ректори ҳамда ЖИДУ академик лицейи директори Ойдин Маннопова ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат A Level дастури доирасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, академик алмашинувни ривожлантириш ва қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади.

Шунингдек, ўқувчилар A Level дастури асосида ташкил этилган семинар ва тренингларда фаол иштирок этиб, халқаро таълим амалиёти, баҳолаш тизими ҳамда академик тайёргарлик талаблари билан яқиндан танишди. Бу тажриба уларнинг глобал таълим муҳитига мослашуви ва келгусида хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олишга бўлган қизиқишини янада оширади.

Сафар доирасида ЖИДУ академик лицейи ўқувчилари Малайзияда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг элчихонасига ҳам ташриф буюрди. Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев ўқувчилар билан самимий мулоқот ўтказиб, дипломатик фаолият, халқаро муносабатлар ҳамда ёшларнинг билимли ва ташаббускор бўлиши мамлакат келажаги учун муҳим эканини таъкидлади.

Маданий-маърифий дастур доирасида делегация мамлакатнинг машҳур масканларидан бири – Путражая шаҳридаги Ислом марказига ташриф буюрди. Шунингдек, Куала-Лумпурда жойлашган Қуръон музейида бўлиб, Қуръони Каримнинг турли даврларга оид нодир қўлёзмалари, қадимий хaттотлик санъати намуналари билан танишди.

Сафар давомида делегация Pine Hills International School таълим муассасасига ҳам ташриф буюрди. Учрашувда таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш ва A Level дастурини ЖИДУ академик лицейида босқичма-босқич жорий этиш масалалари юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Куала-Лумпурда буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда элчи Каромиддин Гадоев Навоий ижодининг ёш авлод маънавий камолотига қўшган улкан ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтди.

Айни пайтда ЖИДУ академик лицейи ўқувчиларининг Малайзияга уюштирилган ўқув-маданий сафари давом этмоқда. Бу ташриф ўқувчилар учун нафақат билим ва тажриба, балки халқаро майдонда мустақил фикрлайдиган, рақобатбардош ёшлар сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Нилуфар Бозорова,

ЎзА