Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда академик лицей ўқувчилари ўртасида кимё фанидан “Академик кубоги” олимпиадаси ташкил этилди.
Ушбу тадбир иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши ва изланувчанлик руҳини янада кучайтириш, шунингдек, халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларига тайёргарлик жараёнини такомиллаштиришга қаратилган муҳим илмий-маърифий платформага айланди.

Олимпиаданинг очилиш маросимида Қорақалпоқ давлат университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаев ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, академик А.Реймов иштирок этишиб, барча иштирокчи ёшларни самимий қутлашди ва уларга муваффақиятлар тилашди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Олимпиада жараёнида академик лицейларнинг энг иқтидорли ўқувчи-ёшлари кимё фани бўйича назарий ва амалий йўналишларда ўз билимларини синовдан ўтказишди. Улар учун махсус мураккаб саволлар, лаборатория машғулотлари ва кимёнинг замонавий йўналишлари бўйича топшириқлар тайёрланди.
Олимпиада ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири