Мамлакатимизда спортга қаратилаётган улкан эътибор ва спортчиларимизнинг халқаро майдонда юқори натижаларга эришишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасида улар томонидан юксак марралар забт этилмоқда.
Айниқса, академик эшкак эшиш бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирлар терма жамоамиз аъзолари мунтазам юқори ўринлардан жой олаётир.
Жумладан, 2025 йил академик эшкак эшиш спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун халқаро майдонда мазмунли ва самарали натижалар билан ёдда қолди. Йил давомида жаҳон, қитъа ва минтақавий миқёсда ўтказилган нуфузли мусобақаларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Мавсумнинг илк йирик стартларидан бири — Швейцариянинг Люцерн шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон кубоги босқичида терма жамоамиз 1 та бронза медалига сазовор бўлди. Таиланднинг Паттайя шаҳрида ўтказилган соҳил бўйи академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионатида эса спортчиларимиз 1 тадан олтин ва бронза медалини қўлга киритди.

Литванинг Тракай шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёш эшкак эшувчилари 2 та кумуш медалга эга чиқди. Хитойнинг Шэньян шаҳрида ташкил этилган U19 ва U23 ёш тоифаларидаги Осиё чемпионати эса йилнинг энг сермаҳсул мусобақаларидан бири бўлди. Унда терма жамоамиз 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалини жамғарди.

Мавсум давомида ўтказилган турли халқаро регаталарда ҳам эшкак эшувчиларимиз фаол иштирок этди. Ушбу мусобақаларда 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза, Озарбайжоннинг Мингечаур шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ ўйинларида эса 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқди. Мавсумнинг якунловчи йирик мусобақаларидан бири — Вьетнамнинг Хайфон шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида спортчиларимиз 4 тадан олтин ва кумуш ҳамда 2 та бронза медалига сазовор бўлди.
Умуман олганда, 2025 йил давомида академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси халқаро мусобақаларда жами 43 та медалга эга чиқди. Шундан 15 таси олтин, 17 таси кумуш ва 11 таси бронза медаллардир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА