Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик эшкак эшувчиларимиз Туркия ва Грецияда шуғулланмоқда
08:46 / 2026-02-19

Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғини Туркиянинг Даламан шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғин халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилди.

Йиғинда 11 нафар спортчи ва 3 нафар мураббий иштирок этмоқда. Машғулотлар жараёнида эшкак эшувчиларимиз техник маҳоратини янада яхшилаш, жисмоний тайёргарликни янада ошириш, шунингдек, тезлик ҳамда чидамлилик сифатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Туркия ҳудудидаги қулай иқлим шароити ва эшкак эшиш учун мос сув ҳавзаси жамоага сифатли тайёргарлик олиб бориш имконини бермоқда. Бу эса спортчиларнинг халқаро майдонда муносиб иштирокида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, академик эшкак эшиш бўйича йилнинг илк мусобақаси анъанавий тарзда ўтказиладиган Греция очиқ чемпионатидир. Айни пайтда терма жамоамизнинг 3 нафар аъзоси — Анна Пракатен, Алишер Турдиев ва Павел Сорин Афина шаҳрида ўқув-машғулот жараёнларида иштирок этмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА