Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Академик Абдуллаев Абдумавлон Абдуллаевич
07:32 / 2022-12-09

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдуллаев Абдумавлон Абдуллаевич 2022 йилнинг 8 декабрь куни 92 ёшида вафот этди. 

А.Абдуллаев 1930 йилнинг 13 июлида Наманган вилоятида туғилди. 1952 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўсимликшунослик илмий текшириш институти Ўрта Осиё тажриба станцияси кичик илмий ходими лавозимида бошлади. 1961 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясида фидойилик билан меҳнат қилди. Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти кичик, катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, ЎзРФА Президиумининг қишлоқ хўжалиги фанлари бўлими раиси ҳамда умрининг сўнгги кунларигача институт бош илмий ходими лавозимида самарали фаолият кўрсатиб, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. 

А.Абдуллаев илмий фаолияти давомида ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Олим яратган илмий мактаб асосида ғўзанинг бир қатор янги навлари кашф этилди ҳамда генетика селекциясида ғўзанинг ёввойи турларидан фойдали донорлар сифатида фойдаланиш имконияти яратилди. У мамлакатимиз пахтачилик илм-фани ривожининг фундаментал асоси ва миллий бойлиги бўлган ғўза генлари коллекциясининг асосчиларидан биридир. 

У 600 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан, 10 дан ортиқ монография муаллифи. Илмий мақолаларининг 300 дан ортиғи халқаро нуфузли журналларда чоп этилган. 

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида 20 дан ортиқ фан доктори ва 40 га яқин фан номзоди тайёрланган.

Академик А.Абдуллаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” (1980), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2003) “Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти” (2011) билан мукофотланган эди. 

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абдумавлон Абдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади. 

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, 

А.Арипов, Б.Йўлдошев