English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ака ука Либерманлар ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янги босқичда
18:12 / 2025-12-07

Ўзбекистонга дунё технологик доирасида янгича ёндашувлари билан танилган “Libermans Co” холдинги асосчилари — ака-ука Дэвид ва Даниил Либерманлар амалий ташриф билан келди. Уларнинг сунъий интеллектуал ечимлар, мобил иловаларни оптималлаштириш ва глобал рақамли инфратузилмаларни яратиш борасидаги тажрибаси халқаро миқёсда катта эътиборга сазовор.

Тошкентда меҳмонлар рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, IT Park Uzbekistan раҳбарияти ва мамлакатнинг рақамли экотизимида фаолият юритаётган қатор тузилмалар билан учрашди. Либерманлар дастлаб IT Parkка ташриф буюриб, UZINFOCOM фаолияти, дата-марказлар иш жараёнлари ва ишлаб чиқилаётган ахборот технологиялари билан танишди.

Ака-ука Либерманлар томонидан ишлаб чиқилган “Product Science” платформаси мобил иловалар ишлашини тезлаштиришда, рақамли инфратузилмаларни барқарор қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар яратиб келаётган навбатдаги йирик лойиҳа — сунъий интеллект учун юқори ҳисоблаш қувватини уйғунлаштирувчи “Gonka” тармоғи бўлиб, у анъанавий булутли сервисларга нисбатан анча самарали ҳисобланади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси, IT хизматлар экспорти ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. 2025 йилда IT хизматлар экспорти 1 млрд. доллардан ошиши, 2030 йилда эса 5 млрд. долларга етиши кутилмоқда.

Музокараларда Қорақалпоғистонда замонавий дата-марказлар қурилиши асосий мавзулардан бири бўлди. 

Либерманлар Ўзбекистоннинг “Gonka” глобал ҳисоблаш тармоғига қўшилиш истиқболларига катта қизиқиш билдирди. Бу мамлакатнинг AI соҳасидаги ўрнини кучайтириб, стратегик технологик ҳамкорликни кенгайтиради.

Ака-ука Либерманлар ўзбек ёшларининг GitHub, open-source лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш, турли мамлакатлар инженерлари билан ҳамкорликда ишлаш муҳимлигини таъкидлади. Бундай ёндашув нафақат техник салоҳиятни оширади, балки Ўзбекистоннинг халқаро SI тадқиқотлар харитасидаги мавқеини кучайтиради.

Учрашувда Марказий Осиёда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича минтақавий ҳамкорлик концепцияси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, 2026 йилда Тошкентда “Decentralized AI” йирик халқаро тадбирини ўтказиш ғояси илгари сурилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА