2025 йилнинг 29-30 май кунлари Қозоғистон Республикаси пойтахтида Остона халқаро форуми (AIF - 2025) бўлиб ўтади.
“AIF - 2025” минтақадаги энг йирик тадбирлардан бири бўлиб, унда 600 га яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, етакчи сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, корпорациялар, сармоядорлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Форум дастури замонамизнинг асосий муаммоларини қамраб олган. Тадбир доирасида ялпи мажлис ва 25 та муҳокама ва мунозаларларга асосланган мулоқот майдончалари ташкил этилади.
Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим - Жўмарт Тўқаев, Руанда Республикаси Президенти Пол Кагаме, Шимолий Македония Президенти Гордана Силяновска-Давкова ҳамда бошқа мамлакатлар бош вазирлари, ўринбосарлари иштирок этади.
Шунингдек, БМТнинг 8-бош котиби, Яшил глобал ўсиш институти раиси, «Boao Forum for Asia» форуми директорлар кенгаши раиси Пан Ги Мун, Европа Кенгаши Бош котиби Ален Берсе, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти бош директори Дарен Танг, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани, БМТ Тараққиёт дастури Бош котиби ўринбосари ва маъмур ўринбосари Хаолян Сюй, Осиё инфратузилма инвестиция банки президенти ва директорлар кенгаши раиси Цзинь Лицюнь, ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби, Қубаничбек Омуралиев, БМТ бошқа тузилмалари раҳбарлари форум ишида қатнашади.

70 дан ортиқ давлатдан келган етакчи ахборот агентликлари, телеканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари форум ишини бевосита ёритиб боради.
“AIF - 2025”да ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, энергия ва иқлим ўзгариши ҳамда иқтисодиёт ва молия каби глобал масалаларга эътибор қаратилади.
Форум очиқ мулоқот ва хорижий капитални жалб қилиш, стратегик шартномалар тузиш ва иқтисодий ривожланишга қаратилган ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
(Тошкент - Остона).