Маълумки, янги молекулаларни кашф этиш дори-дармон яратишда энг мураккаб босқич ҳисобланади. Шу боис фармацевтика компаниялари сунъий интеллект (AI)дан айнан шу мақсадда кўпроқ фойдаланади. Энди эса мазкур жараённинг секин ва машаққатли кечадиган қисмини тезлаштиришда ҳам AI фаол қўллана бошлади. Бу ҳақда “Reuters” ёзган.
Сунъий идрок ҳозирча тиббиётда йирик кашфиёт қилмаган бўлса-да, клиник тест учун бемор топиш, синов жойини танлаш ва мувофиқлаштириш жараёни учун ҳужжат тайёрлашга кетадиган ҳафталаб вақтни тежамоқда.
Таҳлиллар янги дорини бозорга чиқариш ўртача 10 йил ва тахминан 2 миллиард доллар талаб қилишини исботлаган. Йирик компаниялар AI ёрдамида бу жараённи тезлаштириш ва самаралироқ қилишга уринмоқда.
Масалан, сунъий интеллект минглаб саҳифалик клиник, хавфсизликка оид ва бошқа ҳужжатларни тез тартибга солиб, текширади ва турли давлатлар талабига мослаб беради. Бу жараён илгари қиммат ташқи пудратчилар меҳнати ва кўп инсон ресурсини талаб қиларди.
Технология беморларни топиш ва саралаш, уларга тушунтириш, шунингдек қабул жадвалини тузишда ёрдам беряпти. Маслаҳат компаниялари фикрича, инсон аралашуви камроқ талаб қиладиган “мухтор AI” яқин беш йил ичида клиник ривожланиш самарадорлигини 35-45 фоиз ошириши мумкин.
Барибир, мутахассислар эҳтиёткорликни унутишгани йўқ. AI қай даражада тез ишлаётгани, харажатни қанча қисқартираётгани ҳали аниқ рақамларда акс этмаган. Сабаби, натижа технология қаерда ва қандай қўлланишига боғлиқ. Шунга қарамай, саноат вакиллари бир фикрга келган: дори яратишда “кўринмас, лекин зарур” ишлар тезлашмоқда ва бу келажакда беморларга янги даволаш усуллари тезроқ етиб боришига йўл очиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА