«Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» масъулияти чекланган жамияти директори Ҳабиб Латиповнинг қайд этишича, мазкур корхонада AИ-80 маркали бензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажми 850 тоннадан 1000 тоннага, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми эса 30 тоннадан 50 тоннага оширилмоқда.
– Бу борадаги ишлар республика аҳолисининг энергия ресурсларига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Ушбу режаларни амалга ошириш мақсадида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида бензин ва суюлтирилган углеводород гази ҳажмларини оширишга қаратилган тизимли ишлар ташкил этилди.
Хусусан, углеводород хомашёсини бирламчи қайта ишлашни ўрнатишдан аввал унинг керакли таркибини танлаб, заводнинг ишлаб чиқариш қувватини юклашнинг оптимал схемаси аниқланди. Шу билан бирга, Aspen Unified PIMS дастурий ечими асосида ФНҚИЗда ишга туширилган оптималлаштирилган режалаштириш модели имкониятларидан фойдаланилади.
Режалаштирилган кўрсаткичлар бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш учун ФНҚИЗ буйруғи билан корхона ва ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларидан иборат тезкор штаб тузилди, – деди Ҳ. Латипов.
ЎзА