Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда АИ-80 бензинини сотиб олишда чекловлар жорий қилингани, бу АЁҚШларда бензин тақчиллигига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқлаштирилмаган хабарлар тарқалмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг изоҳ беришича, биржа савдоларида бензиннинг 80 фоизи 1 тн. лотларда, қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тн.) сотилмоқда ва бугунги кунда биржа савдоларида Аи-80 бензинини сотиб олиш бўйича чеклов ўрнатилмаган. Агар август ойида жами кунлик 2,8 минг тн. маҳсулот қўйилган бўлса, октябрь ойида ўртача 3,2 минг тоннадан савдога чиқарилмоқда, яъни таклиф 14 фоизга оширилган. Бу эса кўпроқ харидорларга маҳсулотни олишга имконият яратади.
Бензинга талабнинг мавсумийлигини ҳамда нархларнинг юқори даражада тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда қўмитага амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни барқарорлаштириш мақсадида бир савдода маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдорини белгилаш ваколати берилган. Ушбу чора маҳсулотга талабнинг ошиши даврида бир неча йилдан буён бозор мувозанатини барқарорлаштириш учун давлат томонидан қўллаб келинадиган номонетар восита ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тн. этиб белгиланган эди. Мазкур чоралар ҳамда таклифнинг оширилиши сентябрь ойи охирида ҳамда октябрнинг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бирмунча барқарорлашишига олиб келди. Шуларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, жаҳон бозорларидаги юзага келган салбий тенденциялардан (нефть нархларининг ошиши, бензин экспортига ўрнатилган чекловлар) келиб чиқиб импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрдан маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 10 тоннагача оширилди.
Бугунги кунда республикадаги 2 мингдан ортиқ АЁҚШларнинг 99 фоизида Аи-80 бензини 6800 сўмгача бўлган барқарор нархларда сотилмоқда. Шу билан бирга, 19 октябрда қўмитада Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ ХК, “ЎзРТХБ” АЖ ҳамда “Ўзэнергоинспекция” вакиллари иштирокида савдога чиқарилаётган бензин ҳажмларини ошириш ҳамда нархларининг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокамаси бўлиб ўтди.
Бунда ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотнинг қўшимча ҳажмларини биржа савдоларига чиқариш бўйича аниқ чоралар ҳамда чакана нархларнинг асоссиз ошишининг олдини олиш бўйича қўмитада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси ва “Ўзэнергоинспекция” билан биргаликда республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланди.
Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг таъкидлашича, бензин билан таъминлашда қўмита тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бензин бозорида танқислик ва ажиотажни олдини олиш бўйича ўз ваколатларидан келиб чиқиб, тезкор зарур чораларни кўриб боради. Бугунги кунда бензин билан таъминлаш масалаларида ажиотажга сабаб бўладиган омиллар мавжуд эмас.
Ш.Маматуропова тайёрлади, ЎзА