Мамлакатимизда жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача эълон қилинган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида Сурхондарё вилоятида ёнғин хавфсизлигига риоя этиш юзасидан турли тадбирлар ташкил этилиб, жойларда махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилаётир. Аҳолининг билим ва кўникмалари оширилмоқда.


Ана шундай тадбирлардан бири Бойсун туманида бўлиб ўтди. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкор ташкилотлар билан Мустақиллик маҳалласидаги кўп қаватли уйлар, туман ихтисослаштирилган мактаби, бозор ва савдо дўконларида навбатдаги махсус-тактик ўқув машғулотини ўтказди.


Машғулотлар чоғида аҳолининг ёнғин хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмасини ошириш, уларда шахсий хавфсизлик маданиятини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фондини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳолга келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳолидан хонадондаги электр, газ, иссиқлик таъминоти қурилмаларини доимий назорат қилиши ва улардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, хонани иситишда қўлбола қурилмалар ҳамда газ плитасидан фойдаланмаслик, ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик каби масалаларда тушунчалар берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири