Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш –давр талаби
23:07 / 2024-05-08

Президентимиз жорий йил март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, саломатликка оид билим ва тушунчаларини бойитиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада тегишли мутасаддиларга топшириқлар берган эди.

Вилоят маданият марказида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассислари томонидан маҳаллий шифокорлар учун ташкил қилинган маҳорат дарси мазкур йўл-йўриқларни амалга оширишга қаратилди. 

Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари вакиллари иштирокидаги тадбир аввалида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов соғлом турмуш тарғиботи, фуқароларнинг тиббий маданиятини шакллантириш халқимиз саломатлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири эканлигига эътибор қаратди. 

Қайд этилганидек, аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тарғиботини олиб борадиган тиббиёт ходимларининг ўзи етарли билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти раҳбари ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нодира Алихонованинг “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш билан тингланди. Олима ҳар икки омилнинг инсон саломатлигида тутган ўрнини кўп йиллик изланишлари ва амалга оширилган тадқиқотлар асосида изоҳлаб ўтди. 

Шунингдек, анжуманда соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлар билан курашиш, стрессни енгиш қобилияти, кун тартибига риоя этиш юзасидан тавсиялар берилди. Юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш учун уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларига қарши курашиш муҳимлиги айтилди. Юрак қон-томир, саратоннинг баъзи турлари, қандли диабет ва сурункали нафас олиш касалликларининг олдини олишга доир кўрсатмалар ҳақида сўз борди.

Таъкидлаб ўтилганидек, юқумсиз касалликлар дунёда энг кўп тарқалган ўлим сабабчисидир. Бу хасталиклар одамдан одамга юқмайди. Ҳар йили юқумсиз касалликлардан 40 миллион нафардан ортиқ бемор ҳаётдан кўз юмади. Бу барча ўлим кўрсаткичларининг тўртдан уч қисмига тўғри келади. Маъруза чоғида юртимиздаги вазият ҳақида ҳам тушунча берилди ва тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифаларга эътибор қаратилди. Биринчи навбатда, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш зарурлиги айтилди. 

Мулоқот чоғида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Худди шундай анжуманлар Чуст ва Уйчи туманларида ҳам ўтказилди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири