Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг ташаббуси билан маҳаллада замонавий боғча қурилди
15:14 / 2025-06-17

Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган Хитой қишлоғи аҳолиси бирлашган ҳолда ўтган йили ташаббусли бюджетга қишлоқда боғча қурилиши лойиҳасини киритиб, 1 миллиард 200 миллион сўм ютиб олганди. Мана шу маблағ эвазига қишлоқда 60 ўринли замонавий боғча қурилиб фойдаланишга топширилди.

Хитой қишлоғи аҳолисининг қувончига биз ҳам шерик бўлдик. Боғчанинг очилиш маросимида иштирок этдик. Мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик. 

“Бирликда гап катта, кейинги йилларда аҳолимиз билан бирлашиб кўплаб лойиҳаларни ютиб оляпмиз. Шуни эвазига йўлларимиз асфальтланяпти, эскирган симёғочлар алмаштириляпти, бу қурилган боғча ҳам мана шундай лойиҳалардан биридир”, дейди “Обод турмуш” маҳалласи раиси Машраб Қурбонов. 

Кенг ва ёруғ хоналар, кўркам ўйингоҳлар болажонлар ихтиёрида. Амалга оширилган бу ишлардан хитойлик ота-оналар ҳам жуда мамнун. 

– Икки нафар набирам боғча ёшида, – дейди Турасулув Ойназарова. – Узоқроқ жойга боғчага борарди. Мана уйимизга яқин жойда замонавий боғча очилгани айни муддао бўлди. Энди хавотирланмасдан уларни шу ерга жўнатамиз. Боиси ота-онасидан кўра, кўпроқ мен набираларим ҳақида хавотирланаман. Бу ерда яратилган шароитлар менга жуда маъқул бўлди. 

[gallery-23927]

Таъкидлаш лозимки, қишлоқда ушбу давлат мактабгача таълим ташкилотининг ишга тушиши натижасида маҳаллада мактабгача ёшдаги болаларнинг боғчага қамрови сезиларли даражада ошди. Муҳими ушбу ташаббус ортидан 15 та янги иш ўрни яратилди. 

– Ўзим аввалдан боғчаларда тарбиячи бўлиб ишлаганман, – дейди  Мадина Жумақулова. – Фақат узоқроқда. Қишлоғимизда мана шундай замонавий боғча очилганидан хурсанд бўлдим. Бу ерда тарбиячи сифатида иш бошладим. Тарбияланаётган болажонлар келажакда комил инсонлар бўлиб етишишига ишонамиз. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари