Маълумки, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ўзгартириш Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва 2018 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Шу талаблардан келиб чиқиб, ПМТИ таҳлилчилари 2017-2021 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган харажатлар қарийб 3 баробар ошганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрига кўра, харажатлар 2017 йилда 7330 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 21 047,8 миллиард сўмга етган. Шу тарзда 2021 йилда давлат бюджети харажатларидаги улуш 12,7 фоизни ташкил этди.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг умумий сони 2022 йилда 2017 йилдагига нисбатан 1,8 баробар ўсди ва 10547 тани ташкил этди.
2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 4000 тани ташкил этган. Бугун эса уларнинг сони 7320 тадир. Уларнинг 5823 таси амбулатор, 1497 таси стационар ҳисобланади. Натижада кўрсатилаётган соғлиқни сақлаш хизматларининг умумий ҳажми 3,8 маротаба ошган.
Бу ислоҳотлар натижасида аҳоли ўртасида янги касалланиш ҳолатлари камайгани кузатилмоқда. Хусусан, сил касаллиги (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 44,9 нафардан 2022 йилда 35,9 нафаргача, гепатит Б (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 0,8 нафардан 2021 йилда 0,3 нафаргача, 2- тоифа қандли диабет (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 21,4 нафардан 2021 йилда 18,3 нафаргача камайган.
Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 2017 йилдаги 73,7 ёшдан 2021 йилда 73,8 ёшга кўтарилган.
Ўзбекистонда йил сайин жадал ривожланаётган тиббиёт туризмининг ривожланиши соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сезиларли натижаси бўлди. Агар 2017 йилда Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган сайёҳлар сони 28 минг 705 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 69 минг 984 нафарни ташкил этди.
ЎзА