Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси томонидан Навоий давлат педагогика институтида “Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил қилинди.
Интерактив шаклда ташкил қилинган тадбирда хотин-қизлар, ёшлар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳоли вакиллари иштирок этди.
Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармасининг масъуллари томонидан молиявий саводхонлик, бу борадаги билимлардан оқилона фойдаланиш, молиявий фирибгарлик турлари, молиявий мақсадларни белгилаш, оилавий бюджетни юритиш ҳамда банк хизматларидан фойдаланиш, банк омонатлари орқали жамғарма яратиш, ижобий кредит тарихини шакллантириш ва бошқа бир қатор мавзуларда суҳбатлар олиб борилди.
[gallery-16649]
– Иқтисодиётнинг барқарор ва мутаносиб ривожланиши, турмуш даражаси ва фаровонликнинг ошиши кўп жиҳатдан аҳолининг иқтисодий тафаккур ва кўникмаларининг ривожланишига боғлиқ, – дейди Марказий банк Навоий вилоят бош бошқармаси Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бош иқтисодчиси Ҳикматилло Ҳимматов. – Чунки аҳоли қанчалик юқори иқтисодий фаоллик ва молиявий саводхонликка эга бўлса, уларнинг иқтисодий фаолияти, ҳаётнинг турли жабҳаларида қабул қилаётган қарорлари шу даражада самарали бўлади. Айниқса, молиявий саводхонлик мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг ривожланишига, тадбиркорлик фаолиятининг кенгайишига қулай имкон яратади.
Тадбир якунида хотин-қизлар ва ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари