Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами билан ишлашда янгича ёндашувлар муҳим
12:17 / 2026-02-04

Муносабат

Ўтган йил якунида ​Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси нафақат давлат бошқарувида, балки мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, биз – фуқаролик жамияти институти вакиллари учун келажак сари ташланган дадил қадам бўлди. 

Бугун мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида “Маҳалла ва инсон қадри – ислоҳотларнинг бош мезони” дея эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, инсон қадри давлат идораларининг биноларида эмас, балки у яшаб турган хонадонда, унинг кундалик ҳаёти ва орзу-интилишларида намоён бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилиниши фуқаролик жамияти вакиллари, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун мутлақо янги имкониятлар даврини бошлаб берди. Бу ташаббус шунчаки йил номи эмас, балки давлат бошқарувини тубдан халқчиллаштиришга қаратилган стратегик бурилишдир. 

Илгари бизнинг фаолиятимизда “Давлат – жамият – инсон” тамойили устувор эди. Бироқ бугунги янгиланишлар даври биздан тизимни тубдан янгилашни, энг халқчил бўлган инсон –  жамият, таъбир жоиз бўлса, маҳалла ва кейин давлат тамойилига айлантиришни талаб этмоқда. Бунда инсоннинг дарди ва маҳалланинг муаммоси давлат органлари учун энг асосий вазифа ва фаолият йўналиши бўлиши кераклигини англатади. Сабаби, биринчидан, маҳалла энди шунчаки маъмурий бирлик эмас, балки ижтимоий ислоҳотларнинг кўзи ва виждонига айланди. Иккинчидан, ННТларнинг фаолияти энди марказий шаҳарлардан чекка қишлоқларга кўчиши лозим. Учинчидан, маҳалладаги муаммони юқори турувчи идораларга етказиш ва уни ҳал этишда жамоатчилик назоратининг энг таъсирчан механизмини яратишимиз шарт.

Мурожаатноманинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шу бўлдики, давлатимиз раҳбари фуқаролик жамияти институтларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ташаббусларни илгари сурдилар. Бу имкониятлар нафақат соҳа вакиллари, балки бутун халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи улкан кучдир. 

Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган беш йиллик миллий стратегияси қабул қилиниши эркин ва фаол жамият барпо этиш йўлидаги ислоҳотларимизнинг энг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади. 

Бундан ташқари, соҳани қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган грантлар ва ижтимоий буюртмалар ҳажми икки баробарга оширилди. Бу давлатнинг бизга бўлган ишончи эмасми? Энди биз “қайси маблағга ишлаймиз?” деб эмас, “қайси лойиҳа халққа кўпроқ наф келтиради?” деб фикрлашимиз керак.

Мурожаатномадан келиб чиқиб, айтишимиз мумкинки, кенг жамоатчилик, хусусан, фуқаролик жамияти институти вакиллари олдида ўта муҳим йўналишлар турибди. Жумладан, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами билан ишлашда янгича ёндашув зарур. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, имконияти чекланган шахсларни жамиятга интеграция қилишда ННТларнинг ролини ҳеч ким боса олмайди. Биз давлатнинг ижтимоий юкни кўтаришдаги энг яқин елкадоши бўлишимиз керак.

Қолаверса, маҳаллалардаги ёшларни замонавий касбларга, IT технологияларига ва чет тилларига ўқитишда нодавлат секторнинг мобиллигидан фойдаланишимиз шарт. Бизнинг лойиҳаларимиз ёшларни “иш изловчи” эмас, “иш берувчи” даражасига кўтариши лозим.

Шунингдек, иқлим ўзгариши глобал муаммога айланган бир даврда Оролбўйи минтақасидаги вазият, сув тежамкорлиги ва ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда ННТлар ташаббусни ўз қўлига олиши зарур. Биз “Яшил макон” лойиҳасини шунчаки кўчат экиш эмас, балки уни парваришлаш ва экологик маданиятни юксалтириш ҳаракатига айлантиришимиз керак.

Олдимизда турган яна бир энг катта вазифа коррупцияга қарши кураш ва жамоатчилик назорати ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жамоатчилик назорати бўлмаган жойда, албатта, эгри йўлга кирувчилар топилади. Биз соҳалар ривожланиши, бунёдкорлик давридаги қурилишлар сифати, қўйингки, коррупцион ҳолатлар энг кўп учраётган йўналишлар устидан кескин ва холис назоратни ўрнатишимиз шарт.

Мурожаатномада белгиланган юксак мақсадларга эришишда нодавлат нотижорат ташкилотлар давлатнинг энг фаол ва ишончли ҳамкори сифатида майдонга чиқиши лозим. Айниқса, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва унга аъзо ташкилотлар бу жараёнда ҳар доимгидан-да фаол бўлиши керак. 

​Белгиланган вазифалар шунчаки режа эмас, бу –  фарзандларимиз келажаги, она Ватанимизнинг равнақи учун белгиланган катта йўл. 2026 йилда биз маҳаллани нафақат обод, балки маърифатли ва фаол фуқаролик жамияти масканига айлантиришимиз керак.

Президентимиз бизга ишонч билдирди, имкониятларни кенгайтирди, молиявий ресурслар ажратди. Бугун биздан талаб этилаётгани шунчаки ишлаш эмас, балки янгича дунёқараш ва юксак масъулият билан ҳаракат қилишдир. Бунинг учун ҳалоллигимиз ва ташаббускорлигимиз билан халқимизнинг дуосини олишимиз, Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини жаҳонга намоён этишимиз лозим.

Камолиддин ЭШОНХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари 

миллий ассоциацияси Кенгаши раиси.

ЎзА