Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг самарали усуллари
16:55 / 2022-01-24

Иқтисодчи таҳлили

Ҳар бир давлатнинг иқтисодий ривожи учун аҳолининг молиявий жиҳатдан қай даражада таъминланганлик масаласи иқтисодчиларнинг асосий таҳлил манбаси ҳисобланади. Улар аҳолининг бундай қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб таҳлил қилади ва амалиёт учун ўз тавсиясини бериб боради.

Хўш, бугунги кунда аҳолининг ушбу қатламини қўллаб-қувватлаш борасида қайси давлатда қандай тажриба тўпланган?

Ўзбекистон бу масалада қайси йўлни танлади ва эришилган натижалар қандай?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Институционал ўзгаришлар ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича лойиҳа раҳбари, иқтисод фанлари доктори Нодирбек РАСУЛОВ ушбу саволларга қуйидагича жавоб берди.

– Камбағалликни қисқартиришда ҳар бир давлатнинг ўзига хос ёндашуви мавжуд бўлиб, мамлакатларнинг ривожланганлик даражаси, аҳолининг дунёқараши, қадрият ва урф-одатлари, географик жойлашуви турлича бўлганлиги сабабли бир давлатда қўлланилган механизмдан айнан нусха кўчириш ва бошқа давлатда қўллаш ўз самарасини бермаслиги мумкин.

Хусусан, ривожланган давлатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини асосан тўғридан-тўғри пул маблағлари орқали қўллаб-қувватласа, ривожланаётган мамлакатларда асосий эътибор аҳолини зарур кўникма ва малакага ўргатиш, бошланғич капитал билан таъминлаш орқали уларнинг даромад топиш имкониятини ошириш ва тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратишга қаратилади.

Жумладан, Хитойда аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳисобига амалга оширилган. Бунда асосий эътибор давлат ерларини оилаларга бўлиб бериш ва ер муносабатларига бозор тамойилларини жорий этишга қаратилган. Натижада Хитой охирги 30 йилда 600 миллионга яқин аҳолисини камбағалликдан чиқаришга муваффақ бўлган.

Бангладешда ташкил этилган «Грамеен банк» камбағаллиги туфайли анъанавий молиявий хизматлардан фойдалана олмаётган камбағаллар қатламининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини ҳар томонлама ривожлантиришда катализатор бўлиб хизмат қилди.

Имтиёзли банк кредитлари 4-5 кишилик жамоадан ташкил топган гуруҳларни шакллантириш ҳамда уларга бир ҳафталик молиявий тренинглар ўтказиш орқали дастлаб кам миқдорда ажратилган.

Бунда жамоанинг барча аъзолари олдинги кредитни ўз вақтида қайтарган тақдирдагина уларга кейинги босқичда кўпроқ миқдорда кредит берилган. Натижада банкнинг имтиёзли микрокредит дастурида иштирок этганларнинг 5 фоизи ҳар йили ўз оилаларини камбағалликдан олиб чиқиш имкониятига эга бўлган.

Бундай молиялаштириш механизми жуда камбағал аҳоли қатлами учун яратилган бўлиб, турмуш даражаси нисбатан юқори давлатларда қўллаш ўз самарасини бермаган.

Ҳиндистон ва Индонезия каби давлатлар, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш, жумладан, инфратузилмани яхшилаш орқали мактаб, боғча ва тиббий муассасалардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, молиявий дастаклар орқали аҳолининг молиявий жиҳатдан кам таъминланган қатлами вакиллари, хусусан, ёшлар ва аёлларга даромад олишнинг янги усулларини тақдим этиш туфайли миллионлаб кишиларни камбағалликдан чиқара олган.

Ўзбекистон аҳолининг эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож қатламларига молиявий кўмак бериш тизимининг яратилиши ва ривожланиш шажараси халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ҳамда мамлакатнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда аҳолининг эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож қатламларига молиявий кўмак бериш, касбга тайёрлаш ҳамда тадбиркорликка жалб қилиш каби кенг қамровли чора-тадбирлар орқали уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Яқин ўтмишда мамлакатда биринчи марта камбағаллик мавжудлигининг тан олинганлиги, мазкур тоифадаги аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Бунда аҳолининг камбағал қатлами бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар мамлакатнинг ҳар бир вилояти, тумани, қишлоқ ҳамда маҳалласининг ўзига хос хусусиятларини, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ушбу мақсадда ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, маҳаллалардаги хонадонларнинг ер участкаларидан фойдаланиш даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, даромадли меҳнат билан шуғулланишга бўлган қизиқиш йўналишларини "хонадонбай" ўрганиш орқали уларни тадбиркорликка жалб қилишни назарда тутувчи ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий этилди.

2018 йилдан бошлаб ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликка кўмаклашиш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури жорий этилди.

Натижаларга келсак, ушбу рақамлар фикримиз исботи дейиш мумкин. 2018-2021 йилларда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида қарийб бир миллион оилага 23,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, 2021 йилнинг дастлабки 11 ойида эса «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 332,6 минг киши ва тадбиркорлик субъектларига 8 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилган.

Айниқса, давлат дастурларининг эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти пандемия даврида  яққол сезилди. Хусусан, коронакризис даврида аҳолининг норасмий секторда банд қисми ҳамда зарур касбий малакага эга бўлмаган қатлами доимий даромадини йўқотишини инобатга олиб, камбағаллик даражаси ортишининг олдини олиш мақсадида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби аҳолининг камбағал қатламини қўллаб-қувватлашнинг манзилли дастурлари жорий этилгани бу борадаги  самарали ҳаракатлардир, – деди Нодирбек Расулов.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

 ёзиб олди.