Шу кунларда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан фуқаро ва тадбиркорларнинг соҳага оид масалаларини ижобий ҳал этиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида бошқарма ва туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 3 420 та мурожаатнинг 2 095 таси масъуллар томонидан қаноатлантирилган, 712 таси юзасидан тушунтириш берилган, 15 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 598 та мурожаат бошқа идорага юборилган.

Туманларда ўтказилган сайёр қабулларда эса жами 34 та мурожаат ўрганилиб, 21 таси ижобий ҳал этилган, 13 таси бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Соҳа мутасаддилари томонидан изчил тарзда ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатлари тезкорлик билан ҳал этилмоқда.
Шу каби сайёр қабуллардан бирида Сергели тумани аҳолисининг соҳага тегишли мурожаатлари кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат қонунчилик меъёрлари асосида ўрганилиб, ечим топиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Фуқароларга тегишли тавсиялар ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, тадбир давомида 20 дан зиёд тадбиркорлар ва фуқароларнинг кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини расмийлаштириш, мулкка эгалик ҳуқуқини олиш, мерос, ерни хусусийлаштириш ҳамда кадастрга доир бошқа савол, муаммолари тингланди.
3 нафар мурожаатчининг масаласи шу жойнинг ўзида ҳал этилди, 9 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 нафар мурожаатчига масаласи бўйича тегишли ташкилотга мурожаат қилиши зарурлиги айтилди.

Қайд этиш керакки, сайёр қабулда мутасаддилар йиғилган фуқароларга “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуннинг тартиби ва аҳамиятли жиҳатлари, олиб борилаётган хатлов ишлари, Қонун билан аҳолига яратилган қулайликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Дарҳақиқат, бундай очиқ мулоқотлар – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ер билан боғлиқ масалаларда мавжуд тушунмовчиликларни бартараф этиш ва қонунчиликдаги янгиликларни оммага етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,ЎзА