English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг ичимлик сувидан қарздорлиги камаймоқда
12:54 / 2023-09-28

Андижон вилоятида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 минг 730 километр ичимлик суви тармоғини, 200 дан зиёд сув иншооти ва қудуғини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 86,9 фоиздан 88,3 фоизга етказиш режалаштирилган. Айни кунга қадар олиб борилган ишлар натижасида 1 минг 379 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 6 дона сув иншооти ва 204 дона ичимлик суви қудуғи қурилиб, реконструкция қилинди.

Лекин етказиб берилаётган тоза ичимлик суви учун тўловларнинг ўз вақтидан тўланмаётганлиги соҳада белгиланган ишларни тўлақонли амалга оширишда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бугунги кунга келиб, вилоят аҳолисининг етказиб берилган ичимлик суви учун қарздорлиги 19 миллиард сўмни ташкил этмоқда. 

– Аҳолининг қарздорлигини камайтириш, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан корхонамизда махсус штаб ташкил этилди, – дейди “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият раҳбари Шуҳратбек Матмусаев.  – Қарздорликни сўндириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, ана шу асосда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, штаб ташкил этилганидан сўнг қарздорликни сўндириш борасидаги ишлар янада жонланди. Авваллари аҳоли томонидан бир кунда 300-400 миллион сўмлик тўлов амалга оширилаётган бўлса, айни пайтга келиб бу кўрсаткич 1,5 - 2 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида истеъмолчиларнинг тўлов маданияти ошмоқда. Истеъмолчилар нафақат, тўловни амалга оширмоқда, балки, сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш орқали ҳам сувни, ҳам ўз маблағини тежашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда Андижон вилоятида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси қарийб 87,5 фоизни, фойдаланилган бир тонна ичимлик суви учун тўлов қиймати 750 сўмни ташкил этади. Кейинги ойдан вилоятда ичимлик суви нархи икки баробарга ортиши кўзда тутилган.

Истеъмолчилар тўловларни ўз вақтида амалга ошириб борса, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди, қолаверса, бу борадаги ишлар сифати янада яхшиланади.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА