Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг экологик онги ва муносабати даражаси ўрганилди
10:51 / 2025-12-20

Ўзбекистон Экологик партияси ва Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Унда Барқарор ривожланиш маркази томонидан амалга оширилган “Аҳолининг экологик онги ва муносабати даражаси” мавзусидаги таҳлил натижалари муҳокама қилинди.

Бугун аҳолининг экологик онги ва муносабатини шакллантириш, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳар қачонгидан-да муҳим ҳисобланади.  Бу борада мамлакатимизда қатор экологик ислоҳотлар амалга оширилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган комплекс дастурлар изчил олиб борилмоқда.  

Қайд этилганидек, Барқарор ривожланиш маркази томонидан шу йил июль – октябрь ойларида фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бўлган муносабати, экологик қонунчиликдан хабардорлик даражаси ҳамда жамоатчилик фаоллиги кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказилди.  

Мазкур сўровнома Хоразм вилояти, Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ва Тошкент вилояти ҳудудларини қамраб олган бўлиб, унда турли ёш тоифалари ва касб вакиллари иштирок этди.

Тадқиқотнинг асосий мақсади ушбу ҳудудларда жамоат экологик назоратининг аҳамияти, аҳолининг мазкур жараёнлардаги иштироки ҳамда экологик хабардорлик даражасини комплекс таҳлил қилишдан иборат.  

Шу билан бирга, фуқароларнинг экологик қонунлар ва “яшил иқтисодиёт” ғояларига муносабати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданияти ҳамда экологик қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан жамоатчилик муносабати ўрганилди.

Тадбирда мазкур тадқиқот натижалари атрофлича муҳокама қилиниб, таклифлар, фикрлар билдирилди. Экологик таълим ва ҳуқуқий саводхонликни тизимли ислоҳ қилиш, хусусан, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб барча аҳоли қатламларини қамраб олувчи узлуксиз экологик таълим тизимини яратиш зарурлиги айтилди.  

Экологик муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, маҳалла ва ННТлар орқали экологик ташаббуслар ва назорат жараёнларига аҳолини кенг жалб этиш кераклиги урғуланди.  

Шунингдек, экологик маълумотлар мониторинги, сув ресурслари ва чиқиндилар бошқарувида “ақлли” технологиялардан фойдаланиш, “яшил технологиялар”ни жорий этувчи тадбиркорлар учун имтиёзлар ва грантлар тизимини кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.  

Умуман, жамият онгидаги ўзгаришлар, фуқаролик масъулияти ва экологик маданиятнинг юксалиши муҳим босқич экани қайд этилди. Бу борада таклифлар билдирилиб, ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА