Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш устувор вазифалардан саналади
10:14 / 2021-08-15

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб- қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишини янада яхшилаш, бунда давлат ва хусусий сектор шериклигини ривожлантириш тараққиётимизнинг муҳим дастуриламали Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларидан саналади.

Шунга кўра мамлакатимизда халқимизга хос бўлган меҳр- мурувват ва эзгулик қадриятларига таянган ҳолда алоҳида ёрдамга муҳтож фуқароларнинг орзу-умидларига эришиши, жамиятнинг бошқа аъзолари қаторида беками-кўст ҳаёт кечириши учун кўмаклашиш мақсадида юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Ҳаётда тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолганлар, кўнгли ўксиклар, ҳамиша меҳр-мурувватга муҳтожлар анчагина. Имкониятлари чекланган шахслар рўйхатга олиниб, давлатимиз томонидан кучли ижтимоий ҳимояга олинган. Тизим таркибида 33 дан ортиқ «Саховат» ва «Мурувват» уйлари давлат таъминоти ҳисобидан фаолият олиб боради. Ҳар бир «Саховат» ва «Мурувват» уйлари учун давлат бюджети томонидан ҳар йили озиқ-овқат учун, дори-дармон, кийим-кечак, гигиена воситалари, памперс ва хўжалик жиҳозлари учун 2 млрд. 643 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ажратилади. Бундан ташқари, 2017-2021 йиллар мобайнида ҳар бир муассасада Инвестиция дастурлари доирасида бюджет ҳисобидан 7 млрд.дан ортиқ шунингдек ҳомийлик ҳисобидан ҳам қурилиш ишлари учун пул маблағлари ажратилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 25 март ПФ-6195-сонли «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.  

Янги Қарорнинг ҳар бир бандида ногиронлиги бўлган шахсларнинг, эҳтиёжманд фуқароларимизни замонавий тиббий асбоб- ускуналари билан таъминлашдан тортиб, жарроҳлик амалиётларини ташхисларининг турларига қараб, муайян сонларда ўтказилиши, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари ҳам керакли замонавий ускуналар билан ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Қарор юзасидан ҳар бир муассасага тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назорат қилиб борилмоқда.

Ҳар бир «Саховат» ва «Мурувват» уйларида 1 ўрин бирлигида кутубхоначи штати ажратилиб, замонавий типдаги кутубхоналар ташкил этилди. Кутубхона фондлари миллий ва жаҳон адабиётининг 100 та энг яхши асарлари (бестселлерлари), даврий нашрлар (газета ва журналлар) билан таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 28 июль куни ўтказилган Меҳрибонлик уйларини қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар ҳақидаги видеоселекторда бу соҳада янги тизим жорий қилиниши, болаларга тарбия бериш, уларни фан IT, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича мутлақо янги методикаларини ишлаб чиқиш деган сўзлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ҳаётдаги ўз ўрнини топишда ҳар томонлама кўмак бўлади.

Энг муҳими, Президентимиз томонидан «Саховат» ва «Мурувват», Меҳрибонлик уйлари фаолиятига доир ўтказилаётган ислоҳотлар, бажарилаётган ишлар, ҳар қандай шароитда ҳам, ҳар қачон, ҳар доим ногиронлиги бўлган шахслар, ёрдамга муҳтожлар, боқувчисини йўқотганлар, доим ғамхўрлик қуршовида бўлишлари бевосита Давлатимиз томонидан доим эътибор қаратганлиги акс эттирилган. Келгусида тизимни янада ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар шароитларини янада яхшилаш, тизимни яхшилашда хориж тажрибасига асосланган технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган, дея хабар беради Бухоро "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи.

 

Абдулазиз Рустамов, ЎзА