“Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан ўтган йил амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда якунланган йил вилоятда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси йил бошидаги 65,3 фоиздан 67,5 фоизга етказилгани таъкидланди. Истеъмолчиларни сифатли оби-ҳаёт билан таъминлаш даражасининг йил сайин ўсиб бораётгани давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори ва ҳудудларда амалга оширилаётган йирик қурилиш, реконструкция, модернизация ишларининг самараси экани қайд этилди.
– Жумладан, ўтган йил барча манбалар ҳисобидан воҳада 8 та ичимлик суви иншооти, 484,2 километр ичимлик суви тармоғи, шунингдек, 1 та оқова сув иншооти ва 12,3 километр оқова сув тармоғи барпо этилди, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Ўктам Абдулқосимов. – Мавжуд инфратузилмани ишончли ҳолатда сақлаш мақсадида 56,3 километр тармоқ ҳамда 194 та насос жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Иншоотларга 83 та замонавий, энергиятежамкор насос ўрнатилди.Шунингдек, аввал кўча колонкалари орқали фойдаланиб келган 10 минг 920 нафар истеъмолчининг хонадонларига ичимлик суви тармоғи тўғридан-тўғри олиб кирилди. Яна 38 минг 473 нафар истеъмолчига замонавий сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 157 та маҳалладаги 65 минг 396 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, 203 та маҳаллада истиқомат қилувчи 484 минг 500 нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти сифат жиҳатдан яхшиланди.
Вилоятда “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” мега лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Лойиҳанинг бош пудратчиси – “To‘palang HPD Platinum” масъулияти чекланган жамияти якунланган йил 2 триллион сўмдан ортиқ қурилиш-монтаж ишларини бажарди. Лойиҳа бошланганидан буён 245,9 километр магистраль ва ички ичимлик суви тармоғи тортилиб, вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига минералларга бой ичимлик суви етказиб берди. Ичимлик сувини тозалаш, сақлаш ва тақсимлашга мўлжалланган қатор замонавий иншоотлар қурилди. Натижада 144 та маҳаллада яшайдиган 563 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Ичимлик сувининг сифати оширилиб, қаттиқлик даражаси икки бараваргача камайтирилди.
Ўтган йил Термиз туман сув таъминоти бўлими биносида ичимлик суви сифати устидан доимий назоратни таъминлайдиган замонавий марказий лаборатория ишга туширилди.
[gallery-27327]
Иншоотларнинг эксплуатацион муддатини узайтириш мақсадида 162 та сув сақлаш ҳовузи ва 865 та сув минораси ювилиб, дезинфекция қилинди. 40 та сув минорасида бўяш ишлари амалга оширилди. Оқова сув тизимида 220,1 километр коллектор ва ички тармоқлар гидродинамик усулда ювилди. 8 та оқова сув насоси таъмирланиб, битта янги насос ўрнатилди. Термиз шаҳридаги “Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ўрнатилган 470 киловатт қувватли қуёш панеллари 514,6 минг киловатт-соат электр энергиясини тежади.
Матбуот анжуманида жорий куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, янги йилдаги режалар тўғрисида фикр алмашилди.
– Бу йил барча манбалар ҳисобидан катта ҳажмдаги ичимлик суви қувурлари ҳамда 30 та сув иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган, – дейди анжуманда Ўктам Абдулқосимов. – 2 минг 39 та хонадон кўча колонкасидан марказлашган ичимлик суви тармоқларига уланади. 16 минг 155 та сув ҳисоблагич ўрнатилади. 58,5 километр тармоқ ва 150 та насос таъмирланади. 29 та янги энерготежамкор насос ўрнатилади. Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ҳозирги 67,5 фоиздан 68,8 фоизга етказилади.
Маълумотларга кўра, бу йил Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа Музработ туманида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 51,9 фоиздан 89,3 фоизга етказади. Германия тараққиёт банки иштирокида Термиз шаҳрида қуввати бир кеча-кундузда 45 минг куб-метр бўлган қиймати 34 миллион евро грант маблағи эвазига қурилаётган оқова сув тозалаш иншоотида ишлар бошланади. Ишга тушгач, Термиз шаҳрида 60 минг 800 киши илк бор оқова сув хизмати билан таъминланади. Қарийб 102 минг аҳолининг оқова сув таъминоти яхшиланиб, ушбу хизмат билан қамраб олиш даражаси 82,9 фоизга етказилади. Саудия тараққиёт фонди ҳамда SUEZ International SAS компанияси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида воҳада юз мингдан ортиқ аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш режалаштирилган.
Жорий йил Шеробод туманигача янги магистрал тармоқ тортиш, қатор туманлар ва Термиз шаҳрида қўшимча сув сақлаш ҳамда тақсимлаш иншоотини барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА