Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 851 миллион 458 минг сўм маблағ хайрия сифатида сарфланган
14:27 / 2022-09-06

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Вақф" хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

– Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун турли хайрия лойиҳаларини амалга ошириш фондимизнинг асосий вазифаларидан бири, – дейди С.Умаров. –  Сув чиқариш улкан ажрга сабаб бўлувчи амал бўлиб, халқимиз асрлар давомида шу каби ишларни ҳашар ва хайрия йўли билан амалга ошириб келган. Мазкур савобли ишга ҳисса қўшиш мақсадида фондимиз томонидан “ВАҚФ СУВЛАРИ” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида саховатпеша ҳомийлар билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, олис қишлоқ ва овулларида артезиан қудуқлари қазилиб, минорали сув иншоотлари барпо этилмоқда.  

Таъкидланишича, 2019 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги “Боғи Обод”, “Себзор” ва “Эҳтиром” маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафарга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бир километр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиб келиниб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган. Шу йили Самарқанд вилояти Нуробод тумани "Оқсой" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ҳам аҳоли учун хайрия сифатида 2 км масофадан тоза ичимлик суви келтирилган. 

2020-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг 10 та туманидаги ичимлик суви танқис бўлган қишлоқ ва овулларда жами 100 та, Фарғона вилоятида 1 та, Қашқадарё вилоятининг Косон, Қамаши ва Ғузор туманларида 5 та артезиан қудуқлари ва минорали сув иншоотлари бунёд этилиб, маҳаллий аҳоли учун хайрия сифатида тақдим этилган.  

Ушбу хайрия ишлари учун фонд маблағларидан 566 миллион 458 минг сўм, ҳомийлар ҳисобидан эса 285 миллион сўм, жами 851 миллион 458 минг сўм маблағ сарфланган. 

Брифингда айтилишича, айни дамда “ВАҚФ СУВЛАРИ” лойиҳаси доирасида ҳомийлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг чекка овуллари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги сув танқис бўлган ҳудудларида тоза ичимлик суви артезиан қудуқларини қидириш ва қазиш ишлари қизғин давом этмоқда.   

 

М.Қосимова, 
ЎзА