Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизими такомиллаштирилади
11:18 / 2025-02-19

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, айланма маблағлари билан таъминлаш ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур булган асбоб-ускуналарни харид қилишга ажратиладиган субсидиялар ўрнига фоизсиз ссуда ажратиш тизими жорий этилади. 

Аҳоли томонидан қизиқиш билдирилмаган, узоқ давр мобайнида фойдаланилмаётган ва самарадорлиги паст бўлган субсидияларни бекор қилиш ҳамда бир-бирини такрорловчи субсидиялар бирлаштирилади, шунингдек, маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, камбағал оилаларга тадбиркорлик ҳамда деҳқончилик билан шуғулланиши учун грант ва фоизсиз ссудалар ажратиш тизими жорий этилади. 

Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги янги турдаги молиявий ёрдамлар жорий этилади:

а) озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга улар томонидан тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳалар амалга оширилиши учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача миқдордаги субсидиялар;

б) ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган ишсиз фуқароларни ёки камбағал оилалар аъзоларини касаначи сифатида ишга олган тадбиркорлик субъектларига уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун ҳар бир жалб қилинган касаначи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдордаги 3 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар.

Бунда тадбиркорлик субъекти камида 10 нафар касаначини ишга қабул қилиши ҳамда ажратиладиган ссуданинг жами миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаслиги талаб этилади;

в) камбағал оила аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдордаги 6 ойдан 3 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар;

г) камбағал оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил қилиш учун деҳқон хўжаликларига сув қудуқларини бурғилаш, насос агрегатларини сотиб олиш, томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва электр тармоқларини тортиш учун б ойлик имтиёзли давр билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдордаги 5 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар;

д) маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер қўналишларидан келиб чиқиб, ўз тажрибасини  10 тагача камғатал оилаларга ўргатган ва уларга доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир камбағал оила учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдордаги грантлар.

Бунда тадбиркорлик субъектларига грантнинг 40 фоизи аванс шаклида, қолган қисми бириктирилган камбағал оилалар даромад манбаига эга бўлиб, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганидан кейин ажратилади.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳалари учун маҳаллий бюджетдан бериладиган "дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети"ни Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилади.

Қарор билан:

Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар рўйхати;

Аҳоли томонидан фойдаланилмаётган, самарадорлиги паст ва бир-бирини такрорлаши ҳисобига мақбуллаштириладиган субсидиялар рўйхати тасдиқланди.

ЎзА