Сўнгги тўрт йилда спорт соҳасига Давлат бюджетдан ажратилаётган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошди. Шу даврда 101 та йирик спорт объектлари янгидан қурилиб, 67 таси реконструкция қилинган. Охирги 3 йилда жойларда жами 1 минг 369 та, шундан 474 та универсал, 647 та стритбол-воркаут ва 248 та воркаут спорт майдончалари барпо этилган. Спорт майдончаларининг 671 таси маҳаллада, 645 таси мактабларда, 53 таси спорт-таълим муассасалари ҳудудида барпо этилган бўлса, уларнинг 600 таси энг олис ва чекка қишлоқ ҳудудларида қурилган.
Жорий йил якуни билан жами 378 та спорт майдончалари ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилиб, асосан умумтаълим мактаблари ҳудудида барпо этилса, 2030 йилгача эса 5 мингта бундай спорт майдончалари қурилади.

Бугунги кунда республикамизда 254 та спорт мактаби мавжуд. Уларда 460 минг нафар спортчи-ўқувчи 32 минг спорт гуруҳларида машғулот олиб боряпти. Ушбу муассасаларда 12,7 минг нафар тренер фаолият кўрсатмоқда. Тренерларнинг ойлик маошлари эришган натижаларига қараб 4,5-10 миллион сўмгача бўлмоқда. Спорт мактабларида тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, барча шароитлар яратилган.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида 10 миллионга яқин аҳоли спортга қамраб олинган. Ҳар йили 127 мингта спорт формалари болаларга тарқатилади. Улар асосан спортчи ёшларга, ногиронларга берилади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ҳукумат соати”да спорт вазири А.Икромов айтиб ўтди. Унда депутатлар “Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА